Ру Ўз O'z En

Янгиликлар

08 Октябрь 2021

“Урганч шароб” АЖ устав капиталидаги 53,94 фоиз акциялар пакетини сотиш тўғрисида эълон

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021-йил 11-февралдаги “Давлат активларини хусусийлаштириш жараёнларини янада жадаллаштириш тўғрисида”ги ПФ–6167-сон Фармонига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги ҳузуридаги “UzAssets инвестиция компанияси” АЖ (кейинги ўринларда – UzAssets ёки Сотувчи) “Урганч шароб” АЖ (кейинги ўринларда – Компания ёки Урганч шароб) устав капиталидаги 53,94 фоиз акциялар пакетини рақобатга асосланган сотув жараёни орқали сотиш режасини эълон қилади (кейинги ўринларда – Битим ёки Сотув).

Мазкур Битим доирасида, халқаро миқёсда тан олинган консалтинг компанияларидан келиб тушган энг яхши таклифларни танлаб олиш орқали Урганч шаробни хусусийлаштириш бўйича маслаҳатчи сифатида KPMG компанияси (кейинги ўринларда – Маслаҳатчи) танлаб олинган.

Компания тўғрисида қисқача маълумот:

  • “Урганч шароб” акциядорлик жамияти Хоразм вилоятининг маъмурий маркази – Урганч шаҳрида жойлашган.
  • Корхонанинг умумий ер майдони 6,58 гектарни ташкил этади, “Паркент” ва “Чалиш” вино пунктларини ўз ичига олади. Шунингдек, юқори сифатли вино ишлаб чиқариш учун 149,3 гектар узумзорга эга.
  • Жамият томонидан 52 турдаги тайёр ароқ, 14 турдаги тайёр вино ва икки турдаги коняк маҳсулотлари ишлаб чиқарилади. 2020-йилда ишлаб чиқаришнинг умумий ҳажми 274 минг дал ташкил этган.
  • Компания хом ашёнинг қарийб 35% ни ўз ишлаб чиқаришидан олади, қолган қисми етказиб берувчилардан сотиб олинади.
  • Тошкент шаҳрида ўтказилган “Виночилик санъати 2018” халқаро кўрик танловининг олтин медалини олган “Қора-Кўз” маркали ярим ширин вино маҳсулоти ва 2019-йили Москва шаҳрида ўтказилган “Энг яхши маҳсулот 2019” халқаро кўрик танловида “олтин” медалга сазовор бўлган “Корона” коняги алоҳида ном қозонган.

Компания ҳақида кўпроқ маълумотларни жамиятнинг қуйидаги веб-сайтидан олишингиз мумкин: https://urganchsharob.uz/

Битимни амалга ошириш жараёни:

Сотиш жараёни барча манфаатдор томонлар (кейинги ўринларда – Иштирокчилар) учун очиқ бўлган таклифларни тақдим этишнинг рақобатга асосланган жараёни сифатида ташкил этилган. Жараён манфаатдор талабгорлардан таклифларни қабул қилиш ва манфаатдор иштирокчиларнинг бир ёки бир нечтаси билан кейинги музокаралардан иборат бўлади.

Иштирокчиларга ўзбек, рус, ёки инглиз тилларидаги хат шаклида ўз қизиқишини билдириши (аризачининг ихтиёрига кўра, аммо рус ёки ўзбек тилларида тайёрланган хат инглиз тилидаги хат билан юборилиши лозим) ва 2021 йил 6-ноябр куни Тошкент вақти билан соат 18: 00 гача қуйидаги тасдиқловчи ҳужжатлар илова қилинган ҳолда юбориш сўралади:

Битимни, шунингдек операцион фаолиятни ўз ва / ёки қарз маблағлари ҳисобидан молиялаштириш имконияти;

муассислар ва бенефициарларга нисбатан жиноий иш қўзғатилмаганлиги ва терговларнинг мавжуд эмаслиги, Харидорнинг мансабдор шахсларининг исмлари сохта тадбиркорлар ва банкротларнинг халқаро рўйхатларига, шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг шу каби рўйхатларига киритилмаган бўлиши;

“Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг 660-II-сонли Қонунига (2019 йил 15 январдаги таҳририда) риоя қилиниши.

Аризалар ва санаб ўтилган ҳужжатларнинг тақдим этилиши Иштирокчига Ошкор этмаслик тўғрисидаги битимни (кейинги ўринларда - ОЭБ)ни имзолаганидан сўнг, виртуал маълумотлар хонасига кириш ҳамда KPMG томонидан тайёрланган маълумотларни батафсил ўрганиш имкониятини беради. Бунда мажбурий таклифларни топширишнинг охирги муддати маслаҳатчи томонидан кейинги босқичга ўтган жараён иштирокчиларига етказилади. 

Аризалар ва мажбурий таклифлар қуйидаги электрон манзилларга юборилиши керак: s.erkinov@uz-assets.uz, dkalazhanov@kpmg.kz, a.mullajonov@uz-assets.uz, annakireeva@kpmg.ru, ssandykbayeva@kpmg.kz.

Аризалар бериш жараёни барча Иштирокчилар учун очиқ.

UzAssets жалб қилинган Маслаҳатчи билан биргаликда Компанияни сотиш жараёнини шаффоф, профессионал ва муваффақиятли ташкил этиш учун барча зарур чораларни кўради.

Қабул қилинган таклифлар асосида UzAssets икки ҳафта ичида музокараларга қабул қилинган инвесторлар рўйхатини аниқлайди, улар танлов натижалари тўғрисида шахсан хабардор қилинади.

Ушбу босқичда Иштирокчиларга олди-сотди шартномаси лойиҳаси (Шартнома) тақдим этилади ва Битимни амалга ошириш шартлари муҳокама қилинади.

Музокаралар давомида нарх таклифи ва Шартнома бандлари бўйича келишилган шартларининг энг яхши комбинациясини таклиф қилган иштирокчи ғолиб деб эълон қилинади.

Сотувчи ғолибни Қимматли қоғозлар тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси қонунларига мувофиқ Битимни тузишга таклиф қилади.

Қўшимча шартлар

UzAssets сотиш жараёнининг кетма-кетлигини ўзгартириш ёки потенциал харидорга (харидорларга) сотишни ёки сабабларини тушунтирмасдан исталган вақтда улар билан музокара олиб боришни рад этиш ҳуқуқини ўзида сақлаб қолади.

Ушбу эълон ёки унинг мазмунининг бирон бир қисми мазкур эълон чоп этилишидан келиб чиқиб тахмин қилиниши мумкин бўлган UzAssets, Компания ва KPMGнинг Компанияни сотиш билан боғлиқ бирор бир шаклдаги мажбурияти сифатида талқин қилинмаслиги керак. UzAssets ва KPMG ўз хоҳишига кўра ҳар қандай вақтда ва ҳар қандай ҳолатда, биргаликдаги ёки шахсий жавобгарликни ўз зиммаларига олмасдан:

(i) аризалар бериш муддатига ўзгартириш киритиш;

(ii) турли хил манфаатдор шахслар учун турли хил тартиб-қоидалар бўйича иш тутиш ва/ёки UzAssets, Компания ва KPMG томонидан кўзда тутилган режа жадвал ва тартиб доирасида исталган бошқа потенциал харидорни (харидорларни) олдиндан огоҳлантирмасдан чиқариб ташлаган ҳолда бир ёки бир нечта потенциал харидорлар билан музокаралар олиб бориш;

(iii) ҳар қандай сабабга кўра сотиш жараёнини тўхтатиш; ва/ёки

(iv) исталган вақтда ва сабабларни тушунтирмасдан Битимга тааллуқли бўлган ҳар қандай потенциал харидор (харидорлар) билан ҳар қандай муҳокама ва музокараларни тугатиш ҳуқуқларини ўзида сақлаб қолади;

(v) Компаниянинг минимал сотиш нархини маълум қилиш;

(vi) жараён ҳақида қўшимча маълумот ёки тушунтиришлар олиш учун s.erkinov@uz-assets.uz, dkalazhanov@kpmg.kz, a.mullajonov@uz-assets.uz, annakireeva@kpmg.ru, ssandykbayeva@kpmg.kz. электрон почта манзилларига мурожаат қилиш мумкин.

2504 Чоп этиш
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech