Ру Ўз O'z En

Янгиликлар

22 Февраль 2021

Давлат иштирокидаги корхоналар расмий веб-сайтига қўйиладиган талаблар белгиланди

Жорий йил 19 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг  “Давлат иштирокидаги хўжалик жамиятлари ҳамда давлат унитар корхоналарининг расмий веб-сайтларига қўйиладиган талаблар тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги  81 - сон  қарори қабул қилинди.

Қарор билан давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқни ташкил қилувчи корхоналар веб-сайтида жойлаштирилиши лозим бўлган маълумотлар, ахборотни жойлаштириш даврийлиги, веб-сайт мазмуни ва уни юритиш талабларини назарда тутувчи низом тасдиқланган.

Низомга мувофиқ, корхоналар веб-сайтига жойлаштириладиган маълумотлар тўрт тоифага ажратилади, яъни “доимий”, “чорак якуни бўйича”, “йил якуни бўйича” ва “рўй бергандан кейин 2 кун ичида” ошкора этилиши лозим бўлган ахборотлар.

Бунда, доимий маълумотларга корхона фаолиятининг асосий йўналишлари ва мақсадлари, устав фонди (устав капитали) ва унинг тақсимланиши, ташкилий тузилмаси, бўш иш ўринлари, бўш турган, фойдаланилмаётган, носоҳавий активлар, аффилланган шахслар рўйхати ва ҳоказолар киради.

Чорак якуни бўйича жойлаштириладиган маълумотлар: бизнес-режа ва ривожланиш стратегиялари ижроси, бухгалтерия баланси ва молиявий натижалар, корхонанинг бошқарув соҳаси, бошқарув қоидаларига мувофиқлиги тўғрисидаги маълумотлар.

Шу билан бирга, корхоналар ўз харидлари тўғрисидаги маълумотларни, жумладан, импорт эвазига харидларнинг тўлиқ рўйхати (маҳсулот (иш, хизмат) номи, ҳажми, қиймати ва етказиб берувчининг тўлиқ маълумотини ошкор этиши талаб қилинмоқда.

Йил якуни бўйича жойлаштириладиган маълумотлар: корхона фаолиятини баҳолаш натижалари, таваккалчиликлар, аффилланган шахслар билан тузилган ва йирик битимлар тўғрисидаги маълумотлар, бошқарув ва назорат органларига тўланган рағбатлантиришлар  миқдори тўғрисидаги маълумотлар, бухгалтерия баланси ва молиявий натижалар тўғрисидаги ҳисоботлар ҳамда йиллик молия-хўжалик фаолиятни текшириш натижалари бўйича аудиторлик ташкилотининг хулосаси, ҳисобланган ва тўланган дивидендлар (ажратмалар) ва бошқалар.

Шунингдек, корхоналар фаолияти давомида рўй берадиган аҳамиятли ҳаракатлар (воқеалар) ҳам ошкор этилиши белгиланмоқда. Булар доимий ахборотлар сирасига кирувчи маълумотлар ўзгариши, мол-мулки ва банк ҳисоб-варақлари хатланиши, активлар қийматининг 10 фоизидан ортиқ миқдорда даъво иши қўзғатилиши, корхона томонидан йирик битимлар ва манфаатдор шахслар ва (ёки) аффилланган шахслар билан битимлар тузилиши ва бошқалар. Бу каби маълумотлар рўй берган санасидан кейин 2 кун ичида эълон қилиниши лозим.

Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 2 июлдаги 176-сон қарори билан тасдиқланган Акциядорлик жамиятларининг корпоратив веб-сайтларига қўйиладиган талаблар тўғрисидаги низомдан фарқли ўлароқ, янги низом мулкчилик шаклидан қатъий назар барча давлат иштирокидаги корхоналарга, шу жумладан АЖ, МЧЖ ва ДУКларга татбиқ этилади.

Шу кунгача “ёпиқ” ҳисобланган давлат унитар корхоналари, эндиликда ўз фаолияти тўғрисидаги маълумотларни жамотчиликка ошкор этишлари лозим бўлади. Чоп этиладиган маълумотлар қаторидан жой олган харидлар тўғрисидаги маълумотлар, аффилланган (манфаатдор) шахслар билан тузиладиган ва йирик ҳисобланган битимлар тўғрисидаги маълумотлар манфаатлар тўқнашувини олдини олиш, корхона раҳбарларининг масъулиятини ошириш ва бизнес иштирокчилари ўртасида адолатлиликни таъминлашга хизмат қилади.

Қарорга мувофиқ Низом талабларига риоя қилишнинг назорати Давлат активларини бошқариш агентлигига юклатилмоқда. Агентлик давлат иштирокидаги хўжалик жамиятлари ва давлат унитар корхоналари веб-сайтлари мониторингини олиб боради ва ҳар чорак якуни бўйича Вазирлар Маҳкамасига таҳлилий маълумот киритади.

Ҳужжатнинг тўлиқ матни билан оммавий ахборот воситаларида, Давлат активларини бошқариш агентлиги расмий веб-сайти ва lex.uz порталида танишиш мумкин.

Мазкур ҳужжат ташаббускори – Давлат активларини бошқариш агентлиги лойиҳани ишлаб чиқиш жараёнида хориж тажрибасига мурожаат қилиб, халқаро молия институтлари билан бир нечта онлайн муҳокамалар ўтказди. Шунингдек, корпоратив бошқарув соҳасида илғор халқаро амалиёт пойдевори ҳисобланадиган “Давлат иштирокидаги корхоналарда Иқтисодий ҳамкорлик ва ривожланиш ташкилотининг (ОЭСР) корпоратив бошқарувнинг раҳбар тамойиллари” ҳамда БМТнинг “Корпоратив бошқарувда очиқлик соҳасидаги илғор амалиёт бўйича йўриқномаси”дан (Нью Йорк ва Женева, 2006 й.) фойдаланилган.

2175 Чоп этиш
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech