Ру Ўз O'z En

Янгиликлар

01 Июль 2023

Зафарбек Солижоновнинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида Давактив агентлиги фаолияти юзасидан билдирилган фикрларга РАСМИЙ МУНОСАБАТ

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М. Мирзиёев бошчиликларида иқтисодиётнинг барча тармоқларида уни модернизация ва диверсификация қилиш борасида самарали ислоҳотлар амалга оширилмоқда, шу жумладан давлатнинг иқтисодиётдаги иштирокини қисқартириш бўйича салмоқли қадамлар қўйилмоқда.

Буни қуйидаги рақамларнинг ўзи кўрсатиб турибди, агар 2011 – 2020 йилларда 10 йилда хусусийлаштиришдан 1,5 трлн.сўм тушум бўлган бўлса, 2021-2022 йилларда ва 2023 йилнинг ўтган даврида хусусийлаштириш ҳажми 24,2 трлн.сўмни, Хусусийлаштириш жамғармасига ҳақиқий тушум эса 16 трлн.сўмни ташкил этиб, ўтган 10 йилга нисбатан охирги икки ярим йилда 11 маротаба кўп тушум таъминланган.

Оҳирги икки ярим йилда жами 200 га яқин давлат корхоналаридаги давлат улушлари (акция пакетлари), бир мингдан ортиқ кўчмас мулк объектлари, 28,4 минг  та 2 625 гектар ер участкалари оммавий савдолар орқали сотилди. Бунда, савдолар аҳоли ўртасида кенг оммалашган ва шаффофликни таъминлашга эга, бугунги кунда 1,3 млн.та рўйхатдан ўтган фойдаланувчиларга, шу жумладан 272 минг мобиль илова фойдаланувчиларига эга “E-Auksion” электрон савдо платформасидан фойдаланиш имконияти кенгайтирилди.

Энди Зафарбек Солижоновнинг жорий йил 26 июнь куни ўз Телеграм каналида эълон қилган қуйидаги фикрларига жавоб берсак.

Давлат активларини бошқариш агентлиги тўғридан-тўғри шартномалар билан ишлаб туради. Масалан биргина "KPMG VALUATION AND CONSULTING" МЧЖ билан йил бошидан буён бош офис хизмати, корхоналарни бошқариш соҳасидаги маслаҳатлар хизматлари учун 2 миллиард 219 миллион сўм, 3 миллиард 399 миллион сўм, 647 миллион сўм, 649 миллион сўм, 2 миллиард 749 миллион сўм, 14 миллиард 406 миллион сўм, 5 миллиард 419 миллион сўмлик тўғридан-тўғри шартномалар тузган…”

Таъкидлаш жоизки, Давактив агентлиги томонидан бош офис хизмати, корхоналарни бошқариш соҳасидаги маслаҳатлар хизматлари юзасидан консалтинг компаниялар билан тўғридан-тўғри шартномалар тузилганлиги тўғрисидаги фикрлари чуқур ўрганилмаганлиги ва қўшимча маълумотлар тўпланмаганлиги боис ҳақиқатга тўғри келмайди.

Яъни, профессионал ташкилотларни жалб этиш Давактив агентлиги ёки “UzAssets” инвестиция компанияси томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 11 февралдаги ПФ-6167-сон Фармонига мувофиқ, давлат активларини хусусийлаштириш жараёнларига энг яхши таклифларни танлаб олиш асосида амалга оширилиши белгиланган.

Шунга кўра, мақолада келтирилган барча шартномалар Давактив агентлигининг ва “UzAssets” инвестиция компаниясининг расмий интернет саҳифаларида чоп этилган очиқ танлов эълонларига мувофиқ энг мақбул таклифларни танлаб олиш асосида йил бошидан бери эмас балки 2021-2022 йилларда тузилган шартномалар ҳисобланади ва шартномалар доирасидаги ишлар кўлами якунланмагани сабабли, йилдан йилга ўтувчи шартномалар сифатида қонунчиликка мувофиқ қўшимча келишув тузиш орқали муддати узайтирилган.

Шу билан бирга, ушбу тузилган шартномалар тегишлилиги бўйича Ўзбекистон Республикасининг “Давлат харидлари тўғрисида”ги Қонуни талабларига мувофиқ "Лойиҳалар ва импорт контрактларини комплекс экспертиза қилиш маркази" ДУК томонидан комплекс экспертизадан (нарх ечими ва унинг мақсадга мувофиқлиги инобатга олинади) ўтказилган.

Қайд этиш жоизки, профессионал консалтинг ташкилотларини жалб қилиш орқали йирик давлат активларининг (“Coca-cola ichimligi Ltd” – 252,28 млн. долл., “Hyatt Regency” меҳмонхонаси – 1 трлн. сўм, “UzAuto TRAILER” МЧЖ – 561 млрд. сўм, “Фарғонаазот” АЖ – 140 млн. долл. ва бошқа) савдоси халқаро стандартларга мувофиқ амалга оширилиши натижасида 13 трлн.сўмлик, (хусусийлаштириш кўламининг 50 фоиздан ортиғи) давлат активлари хорижий инвесторларга сотилган.

Қолаверса, Давактив агентлиги томонидан “бош офис хизмати” номли шартнома умуман тузилмаган.

Иккинчи ҳолат, “…Давлат дастури ижроси масаласида ҳам саволларимиз бор. 2023 йил давлат дастурида шу йил апрелигача давлат иштирокидаги корхоналар, хўжалик фаолиятини амалга оширувчи давлат муассасалари ва давлат кўчмас мулк объектларини давлатда сақлаб қолиш мезонларидан келиб чиқиб “сот ёки тушунтир” тамойили асосида давлат иштирокидаги корхоналар сонини кескин қисқартириш ҳамда камида мингта давлат активларини оммавий савдолар орқали хусусийлаштиришни назарда тутувчи қарор лойиҳасини ишлаб чиқиш вазифаси қўйилганди

Ижрочи сифатида Давлат активларини бошқариш агентлиги белгиланганди. Ушбу банд ижроси нима бўлди?”.

Давлат активларининг расмий саҳифаларини лозим даражада ўрганилмасдан ҳамда телевидение ва оммавий ахборот воситаларида ёритилиб келинаётган хусусийлаштириш борасида қабул қилинган норматив-ҳуқуқий хужжатлар ва амалга оширилаётган ишлар билан танишилмаганлик сабабли 2023 йилдаги Давлат дастури ижроси бўйича хусусийлаштиришни назарда тутувчи қарор лойиҳасини ишлаб чиқиш юзасидан савол қўйилган.

Зеро 2023 йилдаги Давлат дастури ижросини таъминлаш мақсадида Давактив агентлиги томонидан тегишли вазирлик ва идоралар билан биргаликда “сот ёки тушунтир” тамойили асосида 30 мингдан ортиқ давлат муассасалари, давлат иштирокидаги корхоналар ва уларнинг тизим корхоналари ҳамда кўчмас мулк объектлари таҳлил қилиниб, уларни қисқартириш бўйича таклиф ишлаб чиқилди.

Мазкур таклиф асосида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 24 мартдаги “Иқтисодиётда давлат иштирокини қисқартиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-102-сон қарори билан янги кенг қамровли хусусийлаштириш дастури қабул қилинган.

Мазкур қарорга мувофиқ 1 001 та корхонадаги давлат улушлари ва 1 046 та кўчмас мулк объектлари оммавий савдога чиқарилиши ва 40 та йирик корхоналарнинг акция пакетлари билан “битта акция – битта лот” тамойили асосида “Халқ IPO”си савдовлари ўтказилиши белгиланган.

Ушбу янги кенг қамровли “1 000 + 1 000 + 40” хусусийлаштириш дастурини мазмун моҳиятини тушунтириш мақсадида Давактив агентлиги томонидан 10 дан ортиқ телевидение ва радиоларда чиқишлар ва жорий йил 30 март куни ОАВ вакиллари иштирокида матбуот анжумани (ҳавола) ўтказилди.

Учинчи ҳолат, “...умуман агентлик 2022 йил давлат дастури ижроси (бу масалада ҳам саволларимиз бор) ва бошқалар тўғрисида матбуот анжумани ўтказса бўларди. Саволларимиз ҳам йиғилиб қолди. Ортиқов қачон охирги марта очиқ матбуот анжумани ўтказгани ҳам эсимда йўғакан...”

Давактив агентлиги очиқлик ва ҳисобдорлик принциплари асосида фаолиятини юритади, бунга мисол қилиб хусусийлаштириш жараёнларининг барча босқичлари, жумладан, Давактив агентлигининг расмий веб саҳифалари ва “E-Auksion” электрон савдо платформасидаги кунлик савдо натижаларини ўзининг расмий веб-сайти ва ижтимоий тармоқдаги саҳифаларида эълон қилиб боришини келтириш мумкин.

Хусусан, 2022 йил ва 2023 йилнинг ўтган даврида Давактив агентлиги томонидан ОАВ ларда жами 1 603 та (102 таси – ТВ ва радио, 211 таси – газета ва журналлар, 1 290 таси – ижтимоий тармоқлар ва бошқалар) чиқишлар, 6 та брифинг ва матбуот анжумани ташкил қилинди.

Шу билан бирга, хусусийлаштириш дастурларининг мазмун-моҳиятини жойлардаги кенг оммага етказиш мақсадида, ОАВ вакиллари иштирокида 2022 йил давомида республикамизнинг барча ҳудудларида, жорий йил бошидан Фарғона, Наманган, Андижон, Навоий, Қашқадарё ва Бухоро вилоятларида хусусийлаштирилиши белгиланган давлат активлари бўйича “Roadshow” тақдимотлари ҳамда пресс-турлар ташкил қилиниб, ОАВларда ёритилиб келинмоқда. Ўз ўрнида, навбатдаги “Roadshow” тақдимотига барча ОАВ вакилларини, шу жумладан Зафарбек Солижоновни ҳам таклиф қилиб қоламиз.

Шунингдек, ўтган давр мобайнида Давактив агентлиги директори томонидан бир қатор маҳаллий (Kun.uz, Gazeta.uz) ва хорижий (Financial Times, IntelliNews, The Investor) ОАВларига интервьюлар берилди ҳамда республикамизда бўлиб ўтган бир нечта халқаро форумларда (Давлат корхоналарини трансформация қилиш ва хусусийлаштириш дастури бўйича халқаро форуми, Тошкент халқаро инвестиция форуми, Ўзбекистон Иқтисодий форуми) чиқишлар билан иштирок этилиб, ОАВ вакиллари ва тадбир иштирокчиларини қизиқтирган саволларга жавоблар бериб ўтилган.

686 Чоп этиш
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech