Тегишли хусусийлаштириш дастурларига мувофиқ, Давлат активларини бошқариш агентлиги (кейинги ўринларда – Давактив агентлиги/Буюртмачи) “Ўзбекинвест” АЖнинг устав капиталидаги 95,2 фоиз давлат акциялар пакетини (кейинги ўринларда – Актив) халқаро бозорларда оммавий савдолар орқали хусусийлаштирилишини ташкиллаштириш учун халқаро тажрибага эга малакали профессионал консалтинг компаниясини (кейинги ўринларда – Консультант) жалб этиш юзасидан танлов эълон қилади.
Консультант Активнинг тармоқ ҳамда индивидуал хусусиятларидан келиб чиққан ҳолда сотиш жараёнини (M&A) илғор хорижий тажриба асосида халқаро бозорларда амалга ошириши, шунингдек жаҳон етакчи бизнес нашрлари орқали халқаро маркетинг кампанияларини ташкиллаштириб, халқаро институционал ва салоҳиятли ишбилармон доира вакилларини жалб этиши лозим.
Барча қизиқиш билдирган талабгорлардан Таклиф тақдим этиш учун сўровномага (RfP) асосан тижорат таклифларини 2024 йил 16 август куни соат 18:00га (Тошкент вақти билан) қадар tender@davaktiv.uz электрон почтасига тақдим этишларини сўраймиз.
Агар, биргаликда қўшма тижорат таклифи (консорциум) тақдим этилса, жалб қилинган шерик – консультантнинг ҳам ишини мувофиқлаштириш учун масъул бўлган ва жавобгарликни зиммасига оладиган асосий консультант кўрсатилиши лозим.
Консультантларнинг вакиллари билан Битим бўйича ишлар яқин ҳамкорликда, зарур ҳолларда эса, Активда қўшимча лойиҳа гуруҳини тузиш орқали амалга оширилиши мумкинлиги маълум қилинади.
Ушбу лойиҳа доирасида қўшимча маълумотлар учун қуйидаги алоқа каналларига мурожаат қилинг:
Талъат Юлдашевич Самандаров – Давлат актив агентлиги бошқарма бошлиғи
Телефон: +998-71-259-20-67;
E-mail: tender@davaktiv.uz.
Дисклеймер
Мазкур сўровнома тижорат таклифини тақдим этиш мажбурияти ҳисобланмайди ва Буюртмачига таклифни қабул қилиш ёки шартнома тузиш мажбуриятини юкламайди. Шунга кўра, таклифлар учун ушбу сўровномани эълон қилиш ва/ёки у билан боғлиқ аризаларни олиш, бир ёки бир нечта иштирокчилар билан музокаралар ва муҳокамалар орқали шартнома тузишни назарда тутмайди.
Ушбу ҳужжатда келтирилган материаллар ва маълумотлар лойиҳанинг фақат энг муҳим томонларининг дастлабки хулосаси ва Консультантдан хусусийлаштириш бўйича кутилиши мумкин бўлган ишлар ҳажми тўғрисида умумий маълумот сифатида хизмат қилишига мўлжалланган.
Танлов иштирокчилари танлов жараёни билан боғлиқ ҳолда Буюртмачи учун дастлабки тақдимотлар ва таклифларни тайёрлашнинг ягона чекланган мақсадидан ташқари, ҳеч нарсага таянолмайдилар ва ишонмасликлари шарт.
“Ўзбекинвест” АЖни халқаро бозорларда хусусийлаштириш бўйича консультантни жалб қилиш юзасидан таклиф тақдим этиш учун сўровнома (RfP)
Кириш
Хусусийлаштириш дастурларига мувофиқ, “Ўзбекинвест” АЖнинг 95,2 фоиз улуши (кейинги ўринларда – Битим) халқаро бозорларда хусусийлаштирилиши белгиланган.
Сотиш жараёнлари “Ўзбекинвест” АЖнинг тармоқ ва индивидуал хусусиятларидан келиб чиқиб Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги талаблари доирасида энг мақбул хорижий тажриба асосида ташкил этилиши лозим.
Буюртмачи тўғри қарор қабул қилиши учун Активни мустақил баҳолаш ишларини амалга оширади.
Ушбу Таклиф тақдим этиш учун сўровнома (кейинги ўринларда – Сўровнома) Консультантга қўйиладиган талабларни ва унинг баҳоланиши керак бўлган таклифининг тузилишини, шунингдек, ушбу Сўровноманинг иловасида Битимни қўллаб-қувватлаш бўйича зарур иш ҳажмини тавсифлайди. Консультантлар консорциумга киришлари ёки хизматларнинг тўлиқ спектрини тақдим этиш бўйича қўшма таклифлар киритишлари мумкин.
Актив тўғрисида қисқача маълумот
“Ўзбекинвест” АЖ – умумий суғурта соҳасининг барча 17 та класси бўйича юридик ва жисмоний шахсларга суғурта хизматларини кўрсатади.
- Устав фонди: 282,2 млрд сўм;
- Веб-саҳифаси: https://uzbekinvest.uz/
2022 йил декабрь ойида “Moody’s Investors Service Ltd.” ташкилоти компаниянинг молиявий барқарорлик рейтингини “Барқарор” прогнози билан “Bа3” даражасида тасдиқлади. Бу кўрсаткич Ўзбекистон банк-молия сектори тузилмалари орасида энг юқори ҳисобланади.
Ўзбекистон бўйлаб Тошкент шаҳри, вилоятлар ва Қорақалпоғистон Республикасида 14 та филиал, 200 дан ортиқ туман бўлимлари, улардан 26 та шаҳар бўлимлари, 800 нафардан ортиқ суғурта агентлари мавжуд.
Консультантлардан кутилаётган таклифлар тузилмаси ва уларга қўйиладиган талаблар.
Консультантнинг (индивидуал аризачи ёки Консорциум) таклифи ўзбек/рус/инглиз тилида тайёрланиши ва қуйидаги маълумотларни ўз ичига олиши керак:
а) Активни хусусийлаштириш шартлари ва жараёнини ташкиллаштириш бўйича консультантнинг келгусидаги ҳаракатлар кетма-кетлигини ва иш кўламини ўз ичига олган режаси. Консультантнинг тавсиялари ва таклифларига қисқа вақт ичида тегишли жавоб берилган тақдирда, хусусийлаштириш жараённинг давомийлиги бўйича хулосаси (10 баллгача);
б) Тижорат таклифи икки қисмдан иборат (50 баллгача):
- Хизмат ҳақининг қатъий қисми ягона рақам шаклида (ҚҚС ва бошқа харажатлар билан бирга) бўлиши ва консультантнинг субъектив тахминларидан ҳоли бўлиши лозим;
- Таклиф этилган ҳақ миқдори ишлаб чиқилган савдо стратегиясига боғлиқ ва Буюртмачи таклифнинг муваффақияти учун (“success fee”) мутаносиб ҳақ тўлашни таъминлайдиган таклифларга устунлик беради;
- Агар хизмат ҳақи нархлар оралиғида берилган бўлса, унда таклифни баҳолаш учун унинг юқори чегараси қабул қилинади. Қўшимча жорий харажатлар (хизмат сафари, таржима ва бошқалар учун) белгиланган қатъий қисмига киритилиши керак;
в) Шу ва бошқа тоифадаги активлар доирасида тузилган битимлар юзасидан консультантларнинг иш тажрибаси тўғрисидаги маълумотлар, шунингдек, 2017 йил 1 январь кунидан бошлаб ҳозирги даврга қадар хорижий шу жумладан МДҲ минтақасидаги мандатлар тўғрисида маълумот (20 баллгача);
г) Лойиҳани амалга оширишдан келиб чиқиб, Битимни амалга ошириш юзасидан ишларни ташкил этиш бўйича таклиф. Таклиф этилган Битимга жалб қилинган жамоа ҳақида маълумот, шахсларнинг (жисмоний ва юридик) исмлари ва улар ҳақидаги маълумотлар: иш тажрибаси, фаолият муддати, битимлар тузиш бўйича умумий тажриба ва уларни амалга ошириш бўйича малакаси (20 баллгача);
д) Қўйилган вазифаларни бажариш учун етарли салоҳият ва ваколатга эгалиги, шунингдек, инсон, вақт ва моддий ресурсларнинг мавжудлиги тўғрисида ёзма ариза;
е) Манфаатлар тўқнашуви мавжуд эмаслиги ҳақида маълумот. Маслаҳатчи ушбу савдога жалб қилинган тақдирда зиддиятлар олиб келиши мумкин бўлган ҳолларда потенциал битим бўйича салоҳиятга эга эканлигини кўрсатиш.
Хусусийлаштириш бўйича консультантдан кутилаётган ишлар ҳажми
I. Суғурта хизматларини кўрсатиш соҳасидаги инвесторларнинг қизиқишини ўрганиш:
- Ўзбекистонда ва минтақада соҳани ривожлантиришдаги шароитларни ва бозор таҳлили, соҳа корхоналарини ривожлантириш учун зарур шарт-шароитлар;
- соҳадаги институтционал инвесторлар, шу жумладан халқаро инвесторларнинг активни сотиб олишга бўлган қизиқишини ўрганиш асосида сотиш шакли, усули ва шартларини ишлаб чиқиш;
- бошқа (жумладан, қўшни) давлатларда мазкур соҳада амалга оширилган хусусийлаштириш тажрибаси таҳлили, ушбу турдаги активнинг хусусийлаштиришдаги муваффақиятсизликларининг асосий сабаблари, келгусида соҳани ривожлантириш ва муваффақиятли хусусийлаштиришни таъминловчи омиллар;
- амалга оширилган таҳлиллар асосида активнинг хусусийлаштириш жараёнларини халқаро бозорларда муваффақиятли ташкиллаштириш учун лозим бўлган чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилади.
II. Активни сотишдан олдин тайёрлаш бўйича маслаҳатлар:
- Активнинг инвестиция жозибадорлигини ошириш, энг илғор хорижий амалиётлар ва ўхшаш (аналог) активларнинг таҳлили асосида тузилма ва бошқарувни такомиллаштириш бўйича таклифлар;
- Активнинг ҳар томонлама (солиқ, ҳуқуқий, молиявий ва экологик) чуқур таҳлилини ўтказиш (due diligence);
- оптимал халқаро маркетинг стратегиясини ишлаб чиқиш, маркетинг материалларини тайёрлаш (тизер, инфо-меморандум, жараён хати (Process letter) ва бошқалар) ва инвесторлар, шу жумладан халқаро инвесторлар ўртасида ахборот материалларини тарқатиш орқали индивидуал мулоқот ўрнатиш;
- тайёрланган маркетинг материалларини, шу жумладан инвестиция видеолари, тарқатма материалларни тегишли нашрларда ҳамда жаҳон етакчи бизнес нашрларида чоп этиш;
- жамоатчилик ва тадбиркорлик субъектлари билан алоқа ўрнатиш бўйича тавсиялар тақдимоти, уларнинг саволларига жавоблар;
- баҳолаш услубини тўғри танлаш ва уларнинг инвесторлар учун долзарблигини белгилаш, нарх диапазони бўйича тавсияларни тақдим этиш;
- инвестор нуқтаи назаридан баҳолашга таъсир этувчи асосий омиллар, асосий кўрсаткичлар ва тахминларни аниқлаш;
- лойиҳа доирасида бошқа малакали консультантларни жалб этиш (зарур бўлган ҳолларда) ва уларнинг ишини мувофиқлаштириш.
III. Битим жараёнига ҳамроҳлик қилиш:
- Активни хусусийлаштиришга қаратилган барча чораларни кўриш, виртуал маълумотлар хонаси (VDR)ни ташкил этиш;
- барча зарур ҳужжатларни, жумладан, битимнинг асосий шартларини (Term sheet), олди-сотди шартнома лойиҳасини тайёрлаш билан бирга сотиш жараёнида ҳамроҳлик қилиш;
- Битимни эълон қилиш ва ёпишни ташкиллаштириш.
(1) Агар ариза консорциум томонидан тақдим этилган тақдирда, консорциум бўйича келишувни тақдим этиш, шунингдек, мувофиқлаштирувчи асосий маслаҳатчи (одатда консорциум раҳбари деб аталади) кўрсатиш лозим. Ушбу ҳолатда хизматларнинг умумий қиймати кўрсатилиши керак.
(2) Агар консультантларнинг таклифлари “а”, “в” ва “г” бандларида кўрсатилган талаблардан келиб чиқиб 30 баллдан кам баҳоланса, “б” бандида назарда тутилган баҳолаш балли қўлланилмайди.