Ру Ўз O'z En

Янгиликлар

27 Декабрь 2023

Айрим ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларда Ўзбекистон Республикаси “Риэлторлик фаолияти тўғрисида”ги Қонуни лойиҳаси юзасидан билдирилган фикрларга расмий муносабат

Риэлторлик хизматлари сифатини ошириш, ўзини ўзи бошқариш механизмларидан кенг фойдаланиш, шунингдек, амалдаги меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни мувофиқлаштириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Риэлторлик фаолияти тўғрисидаги Қонунини янги таҳрирда ишлаб чиқиш зарурати туғилди, чунки кўплаб ўзгартириш ва қўшимчалар киритилганига қарамасдан, 2010 йилдаги амалдаги Қонун замонавий воқеликларга ва риэлторлик фаолияти соҳасидаги ўзгаришларга мос келмайди.

Қонун лойиҳаси риэлторлик хизматларини кўрсатиш соҳасидаги қонунчиликни такомиллаштириш, “соядан” чиқишни рағбатлантириш ва ноқонуний (қора) риэлторлар ва риэлторлик ташкилотлари фаолиятини легаллаштириш, шунингдек, риэлторлик хизматлари истеъмолчиларини ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, ҳамда ноқонуний риэлторлар томонидан фирибгарлик ҳолатлари авж олишининг олдини олиш мақсадида ишлаб чиқилган.

Қонун лойиҳасини ишлаб чиқишда ривожланган мамлакатлар тажрибаси ўрганилди, бунда АҚШ, Германия ва Францияда риэлторлар лицензияга эга бўлиши мажбурлиги ҳамда риэлторлар фаолияти кўпроқ тартибга солинган Бенилюкс мамлакатларида (Бельгия, Нидерландия ва Люксембург) риэлторлик фаолияти амалга оширишда лицензияга эга бўлишдан ташқари, ҳар бир агент проффесионал ташкилотлардан бирига аъзо бўлиши белгиланган.

Блогер Н.Макаренконинг мақоласида айтилишича, “Давактив агентлиги барча квартира эгаларига уларни сотиш ва ижарага бериш ҳақидаги эълонларни Интернетда жойлаштиришни қонуний равишда тақиқламоқчи. Буни фақат риэлторлар орқали мумкин бўлади”. Бу фикр ҳақиқатга тўғри келмайди.

Қонун лойиҳасининг 3-моддасида ушбу Қонуннинг амал қилиши кўчмас мулк мулкдорлари ўзлари мустақил тузадиган битимларга нисбатан татбиқ этилмаслиги белгилаб қўйилган.

Шу билан бирга, Қонун лойиҳасининг 27-моддасида кўчмас мулк бозорида ахборот, маслаҳат ва реклама хизматлари қонунчиликда белгиланган тартибда тузилган риэлторлик хизматларини кўрсатиш шартномаси асосида кўрсатилади.

Мазкур модданинг учинчи қисмида жисмоний ёки юридик шахсларнинг кўчмас мулк объектларини реклама қилиш ва эълонлари, шу жумладан бутунжаҳон ахборот тармоғи Интернетда ёки ижтимоий тармоқлар саҳифаларида жойлаштириладиганлари, кўчмас мулк мулкдорлари томонидан фақат риэлторлик ташкилотлари ва кўчмас мулк бўйича агентлар орқали бепул амалга оширилади.

Шу боис, қонун лойиҳасининг 27-моддаси қоидаларининг таҳрири қайта ишланади ва Ўзбекистон Республикаси «Реклама тўғрисида»ги Қонунининг 11 ва 12-моддалари талабларига, шунингдек, кўчмас мулк эгалари манфаатлари ва қонунчилик техникасига мувофиқлаштирилади.

Шунингдек, мазкур қонун лойиҳаси жамоатчилик муҳокамаси якунлари бўйича келиб тушган таклиф ва мулоҳазаларни инобатга олган ҳолда қайта ишланади ҳамда ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш учун Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигига тақдим этилади.

Адлия вазирлигининг ижобий хулосаси олинганидан сўнг қонун лойиҳаси белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига кўриб чиқиш учун киритилади.

2828 Чоп этиш
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech