Ру Ўз O'z En

Янгиликлар

10 Ноябрь 2022

Давлат активларини бошқариш агентлиги “Hyatt Regency Tashkent” меҳмонхонасидаги давлат улушини сотиш бўйича келишувга эришди

Тегишли хусусийлаштириш дастурларига мувофиқ, Давлат активларини бошқариш агентлиги (Давактив агентлиги) “Hyatt Regency Tashkent” меҳмонхонасининг (Меҳмонхона) балансда сақловчиси “Poytaxt qurilish va xizmat” МЧЖнинг устав капиталидаги 100% давлат улушини 87,0 млн. долларга Abu Dhabi Uzbek Investment” МЧЖ ҚК (Харидор) га сотиш бўйича келишувга эришилганлигини маълум қилади.

Сотув жараёнида "KPMG Valuation and Consulting" МЧЖ халқаро консалтинг компанияси Давактив агентлигининг хусусийлаштириш бўйича консультанти вазифасини бажарди, акциялар пакетини мустақил баҳолаш халқаро баҳоловчи компания "PricewaterhouseCoopers" МЧЖ томонидан амалга оширилди.

Халқаро консультант ва Давактив агентлиги томонидан хусусийлаштириш жараёни доирасида ҳам маҳаллий, ҳам халқаро даражада кенг кўламли маркетинг ишлари амалга оширилди, жумладан инвестиция тизерлари консультантнинг дунёдаги минтақавий офислар тармоғи орқали турли хорижий инвесторларга (investor sounding) юборилди.

Натижада Америка, Осиё, Европа ва Ўзбекистондаги инвесторлардан сотиб олиш бўйича қизиқиш тўғрисда 5 та аризалари (Express of Interest) келиб тушди.

Саралаш натижаларига кўра, белгиланган малака мезонларига мувофиқ бўлган талабгорлар хусусийлаштириш жараёнининг кейинги – Мажбуриятга эга бўлмаган таклифлар (NBO)ни тақдим этиш босқичида иштирок этиш учун таклиф қилинди ҳамда ахборот меморандуми, молиявий модель ва бошқа ҳужжатлар тақдим этилди.

Натижада, 3 та инвестор мажбуриятга эга бўлган таклифлар (BO)ни қабул қилишнинг якуний босқичида иштирок этди ва уларга халқаро консультант томонидан тайёрланган меҳмонхонанинг молиявий, солиқ, ҳуқуқий ва экологик фаолияти юзасидан комплекс таҳлил (due diligence) ҳисоботлари жойланган виртуал маълумотлар хонаси (VDR)га кириш имконияти яратилди. Шу билан бирга, барча талабгорларга меҳмонхонанинг бошқарув органи билан учрашувлар ташкил этилди ҳамда меҳмонхона билан танишиш имконияти яратилди.

Шунга кўра, келиб тушган Мажбуриятга эга бўлган таклифларни белгиланган малака мезонларига мувофиқлиги, минтақадаги иш фаолияти, Битимни ёпиш шартлари ва Меҳмохонанинг баҳоланган қийматидан юқорилиги бўйича энг яхши харид қийматини тақдим этган Abu Dhabi Uzbek Investment” МЧЖ ҚК халқаро тендер натижалари бўйича ғолиб деб топилди.

“Abu Dhabi Uzbek Investment” МЧЖ ҚКнинг таклифи халқаро консультант томонидан ҳисобланган меҳмонхонанинг индикатив нархлар оралиғининг юқори қисмида жойлашган ҳамда меҳмонхонанинг баҳоланган қийматидан анча юқори бўлиб, Битим талабгор томонидан сотиб олиш тўловига қўшимча равишда Меҳмонхонани ривожлантириш учун 12 млн. АҚШ доллари миқдорида инвестиция киритиш мажбурияти билан бирга тўловни тўлиқ бир йўла тўлаш орқали амалга оширилади.

Таъкидлаш жоизки, Олди-сотди шартномаси Битимнинг тегишли шартлари келишилганидан сўнг, “Poytaxt qurilish va xizmat” МЧЖ ва “Hyatt International” ўртасида 2013 йилда тузилан шартномага мувофиқ Hyatt International Limited (Europe Africa Middle East) халқаро меҳмонхона бошқаруви тармоғи томонидан ғолиб маъқуллангандан кейин имзоланади.

Маълумот учун: “Abu Dhabi Uzbek Investment” (БАА-Ўзбекисон) 1 миллиард АҚШ долларига тенг капиталга эга бўлган инвестиция компанияси бўлиб, унинг мақсади Ўзбекистон ва БАА ўртасидаги икки томонлама иқтисодий ҳамкорликни ривожлантиришга ҳисса қўшадиган лойиҳаларга сармоя киритишдир. Компания ҳозиргача Ўзбекистон иқтисодиётининг турли тармоқларига 100 миллион АҚШ доллардан ортиқ сармоя киритган. Ушбу инвестиция компанияси портфели 300 миллион АҚШ доллардан ортиқ лойиҳаларни ўз ичига олади, уларнинг якуний мақсади яқин йилларда
1 миллиард доллардан ортиқ инвестицияларни жалб этишдир. Компания Ўзбекистон Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси (UFRD) ҳамда БААнинг Абу-Даби тараққиёт жамғармаси (ADFD) томонидан ташкил этилган.

Беш юлдузли «Hyatt Regency Tashkent» меҳмонхонаси 2016 йилда Тошкент марказида фаолият бошлаган ва Ўзбекистондаги халқаро Hyatt брендининг биринчи меҳмонхонасига айланган. Умумий ер майдони - 3,1 га, бино ва иншоотлар қурилиш ости майдони - 60,1 минг кв.метрни ташкил этади. Меҳмонхона 8 қаватдан иборат, меҳмонлар учун 300 та хоналар, жумладан 248 стандарт ва 52 люкс/полулюкс хоналар мавжуд. Меҳмонхона ҳудудида халқаро сифат стандартларига мувофиқ жиҳозланган турли сиғимдаги бир нечта конференция заллари, шунингдек, 850 кв.м майдонга эга банкет зали, ёпиқ бассейн ва СПА маркази мавжуд.

1891 Чоп этиш
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech