Ру Ўз O'z En

Янгиликлар

05 Январь 2020

“Eltech Industrial” технопаркини бошқариш дирекцияси” давлат муассасаси фаолиятини самарали ташкил этиш ва технопарк фаолиятини бошқариш учун ушбу соҳада илғор тажрибага эга халқаро консалтинг компаниясини жалб этиш тўғрисида эълон

Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги (кейинги ўринларда - Давактив агентлиги/Буюртмачи) тегишли технопарк фаолиятини бошқариш дастурларига мувофиқ “Eltech Industrial” технопаркини бошқариш дирекцияси” давлат муассасаси (кейинги ўринларда — Дирекция) фаолиятини самарали ташкил этиш ва технопарк бош режасини ишлаб чиқиш мақсадида технопарк фаолиятини бошқариш бўйича ушбу соҳада илғор тажрибага эга халқаро профессионал консалтинг компаниясини (кейинги ўринларда – Компания) жалб этиш юзасидан танлов эълон қилади.

Барча қизиқиш билдирган талабгорлардан Таклиф тақдим этиш учун сўровномага (RfP) асосан тижорат таклифларини жорий йил 2024 йил 5 апрель куни соат 18:00 га (Тошкент вақти билан) қадар тақдим этишларини сўраймиз.

Агар, биргаликда қўшма тижорат таклифи тақдим этилса, жалб қилинган шерик — консультантнинг ҳам ишини мувофиқлаштириш учун масъул бўлган ва жавобгарликни зиммасига оладиган асосий консультант кўрсатилиши лозим.

Барча манфаатдор томонлар қуйидаги ахборот каналлари орқали тижорат таклифларини тақдим этишлари сўралади (кодланган ҳолда):

Тўхтасинов Ўткир Толибжон ўғли - Давлат активларининг ҳисобини юритиш бошқармаси бошлиғининг ўринбосари;

Телефон: +998-71-259-22-08;

E-mail: tender@davaktiv.uz

Компанияларнинг вакиллари билан Битим бўйича ишлар яқин ҳамкорликда, зарур ҳолларда эса Дирекцияда қўшимча лойиҳа гуруҳини тузиш орқали амалга оширилиши мумкинлиги маълум қилинади.

Дисклеймер:

Мазкур сўровнома тижорат таклифини тақдим этиш мажбурияти ҳисобланмайди ва Буюртмачига таклифни қабул қилиш ёки шартнома тузиш мажбуриятини юкламайди. Шунга кўра, таклифлар учун ушбу сўровномани эълон қилиш ва/ёки у билан боғлиқ аризаларни олиш, бир ёки бир нечта иштирокчилар билан музокаралар ва муҳокамалар орқали шартнома тузишни назарда тутмайди.

Ушбу ҳужжатда келтирилган материаллар ва маълумотлар лойиҳанинг фақат энг муҳим томонларининг дастлабки хулосаси ва Консультантдан хусусийлаштириш бўйича кутилиши мумкин бўлган ишлар ҳажми тўғрисида умумий маълумот сифатида хизмат қилишига мўлжалланган.

Танлов иштирокчилари ҳеч нарсага ишониб ва боғланиб қолишлари керак эмас, танлов жараёни билан боғлиқликда буюртмачи учун дастлабки тақдимот ва таклифларни тайёрлаш мақсадида ягона чеклов бундан мустасно.

 

Дирекция фаолиятини самарали ташкил этиш ва технопарк бош режасини ишлаб чиқиш мақсадида технопарк фаолиятини бошқариш бўйича консультантни жалб қилиш юзасидан таклиф тақдим этиш учун сўровнома (RfP)

Кириш

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 10 январдаги ПҚ-15-сон қарорига мувофиқ, “Eltech Industrial” технопаркини бошқариш дирекцияси” давлат муассасаси фаолиятини самарали ташкил этиш ва технопарк бош режасини ишлаб чиқиш мақсадида технопарк фаолиятини бошқариш учун ушбу соҳада илғор тажрибага эга халқаро консалтинг компаниясини танлов асосида жалб қилиш ва унинг молиялаштирилишини таъминлаш белгиланган.

Фаолиятини самарали ташкил этиш ва технопарк бош режасини ишлаб чиқиш жараёнлари Дирекциянинг тармоқ ва индивидуал хусусиятларидан келиб чиқиб Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги талаблари доирасида энг мақбул хорижий тажриба асосида ташкил этилиши лозим.

Компаниялардан кутилаётган таклифлар тузилмаси ва уларга қўйиладиган талаблар:

Компаниянинг (индивидуал аризачи ёки Консорциум) таклифи ўзбек тилида тайёрланиши ва қуйидаги маълумотларни ўз ичига олиши керак:

а) компания технологик ва инновацион лойиҳаларни бошқариш соҳасида юқори обрўга эга ва электротехника саноатида муваффақиятли тажрибага эга бўлиши керак;

б) халқаро тажрибага эга компанияларга устунлик берилади, бу технопаркни бошқаришда илғор тажриба ва халқаро стандартларни жалб қилишни таъминлайди;

д) дирекцияни бошқариш методологиясини ишлаб чиқиш, муассасани бошқаришда кўмаклашиш, молиявий барқарорлик ечимларини қилиш ва хорижий инвесторларни жалб қилиш;

э) дирекциянинг кенгайтирилган худудларига жаҳон стандардларига мос бош режасини ишлаб чиқиш, энергия самарадорлигини ошириш ва электротехника саноатида барқарор ривожланишга кўмаклашиш режаларини тақдим этиш;

ф) жаҳон бозорида маҳсулотларни илғари суриш учун самарали маркетинг стратегиясини ишлаб чиқиш, жаҳон электротехника саноати бозорини таҳлил қилиш, асосий ўйинчиларни, тенденцияларни ва потенциал бозор имкониятларини ва компаниянинг жаҳон брендлари билан ҳамкорлик ва бутловчи қисмларни экспорт қилиш соҳасидаги стратегик мақсадларини аниқлаш;

г) дирекцияни бошқариш жараёнини ташкиллаштириш бўйича Компаниянинг келгусидаги ҳаракатлар кетма-кетлигини ва иш кўламини ўз ичига олган режаси. Компаниянинг тавсиялари ва таклифларига қисқа вақт ичида тегишли жавоб берилган тақдирда, бошқариш жараённинг давомийлиги бўйича хулосаси (10 баллгача);

ҳ) Хизмат ҳақининг қатъий қисми ягона рақам шаклида (ҚҚС ва бошқа харажатлар билан бирга) бўлиши лозим. Агар хизмат ҳақи нархлар оралиғида берилган бўлса, унда таклифни баҳолаш учун унинг юқори чегараси қабул қилинади. Қўшимча жорий харажатлар (хизмат сафари, таржима ва бошқалар учун) белгиланган қатъий қисмига киритилиши керак (50 баллгача);

и) шу тоифадаги дирекцияни доирасида тузилган битимлар юзасидан Компанияларнинг иш тажрибаси тўғрисидаги маълумотлар, шунингдек, 2017 йил 1 январь кунидан бошлаб ҳозирги даврга қадар МДҲ минтақасидаги мандатлар тўғрисида маълумот (20 баллгача);

ж) лойиҳани амалга оширишдан келиб чиқиб, Битимни амалга ошириш юзасидан ишларни ташкил этиш бўйича таклиф. Таклиф этилган Битимга жалб қилинган жамоа ҳақида маълумот, шахсларнинг (жисмоний ва юридик) исмлари ва улар ҳақидаги маълумотлар: иш тажрибаси, фаолият муддати, битимлар тузиш бўйича умумий тажриба ва уларни амалга ошириш бўйича малакаси (20 баллгача);

к) қўйилган вазифаларни бажариш учун етарли салоҳият ва ваколатга эгалиги, шунингдек, инсон, вақт ва моддий ресурсларнинг мавжудлиги тўғрисида ёзма ариза;

л) манфаатлар тўқнашуви мавжудлиги ҳақида маълумот. Маслаҳатчи ушбу савдога жалб қилинган тақдирда зиддиятлар олиб келиши мумкин бўлган ҳолларда потенциал битим бўйича салоҳиятга эга эканлигини кўрсатиш.

Фаолиятини самарали ташкил этиш ва технопарк бош режасини ишлаб чиқиш жараёнлари дирекция бўйича консультантдан кутилаётган ишлар ҳажми:

I. Электрон қисмларни ишлаб чиқариш бозорининг таҳлили:

  • Ўзбекистонда ва минтақада соҳани ривожлантиришдаги шароитларни ва бозор таҳлили, соҳа корхоналарини ривожлантириш учун зарур шарт-шароитлар;
  • электротехника соҳасидаги тадқиқотларда иштирок этиш, янги технологиялар ва маҳсулотларни жорий этиш қобилияти;
  • интеграциялашган ЕРП: барча бизнес жараёнларини ресурслар, молия, ишлаб чиқариш ва омбор операцияларини бошқариш учун ягона рақамли платформага бирлаштирган тизимни жорий этиш;
  • дирекцияларни бошқариш, хавфсизлик ва энергияни тежаш соҳасидаги барча маҳаллий ва халқаро қоидалар ва стандартларга мувофиқлигини таъминлаш;
  • бошқариш қобилияти ва жаҳон савдосига боғлиқ валюта ўзгариши ва бошқа омиллар билан боғлиқ хавларни таҳлил қилиш ҳамда амалга оширилган таҳлиллар асосида дирекцияларни бошқариш жараёнларини муваффақиятли ташкиллаштиш учун лозим бўлган чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилади.

II. Дирекцияни бошқаришдан олдин тайёрлаш бўйича маслаҳатлар:

  • Дирекциянинг инвестиция жозибадорлигини ошириш, энг илғор амалиётлар ва ўхшаш (аналог) таҳлили асосида тузилма ва бошқарувни такомиллаштириш бўйича таклифлар;
  • Дирекциянинг ҳар томонлама (солиқ , ҳуқуқий, молиявий ва экологик) чуқур таҳлилини ўтказиш (due diligence);
  • оптимал маркетинг стратегияси бўйича тавсиялар, маркетинг материалларини тайёрлаш (тизер, инфо-меморандум, жараён ҳолати бўйича хат ва бошқалар) ва инвесторлар ўртасида ахборот материалларини тарқатиш;
  • жамоатчилик билан алоқа ўрнатиш бўйича тавсиялар тақдимоти, уларнинг саволларига жавоблар;
  • баҳолаш услубини тўғри танлаш ва уларнинг инвесторлар учун долзарблигини белгилаш, нарх диапазони бўйича тавсиярни тақдим этиш;
  • инвестор нуқтаи назаридан баҳолашга таъсир этувчи асосий омиллар, асосий кўрсаткичлар ва таҳминларни аниқлаш;
  • лойиҳа доирасида бошқа малакали консультантларни жалб этиш (зарур бўлган ҳолларда) ва уларнинг ишини мувофиқлаштириш.

III. Битим жараёнига ҳамроҳлик қилиш:

  • Дирекцияни бошқаришга қаратилган барча чораларни кўриш, виртуал маълумотлар хонаси (VDR)ни ташкил этиш;
  • салоҳиятли талабгорлар билан алоқаларни мувофиқлаштириш, шу жумладан, уларнинг саволларига жавоблар бериш;
  • барча зарур ҳужжатларни, жумладан, олди-сотди шартнома лойиҳасини (ўзбек тилига таржимаси билан, керак бўлса рус ва инглиз тилларида ҳам) тайёрлаш билан бирга сотиш жараёнида ҳамроҳлик қилиш;
  • Битимни эълон қилиш ва ёпишни ташкиллаштириш.

(*) Агар ариза консорциум томонидан тақдим этилган тақдирда, консорциум бўйича келишувни тақдим этиш, шунингдек, мувофиқлаштирувчи асосий маслаҳатчи (одатда консорциум раҳбари деб аталди) кўрсатиш лозим. Ушбу ҳолатда хизматларнинг умумий қиймати кўрсатилиши керак.

 

111 Чоп этиш
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech