Ру Ўз O'z En

Янгиликлар

06 Август 2022

“Фарғонаазот” АЖнинг 99,02 фоиз акциялар пакетини сотиш бўйича дастлабки саралаш босқичи якунлари юзасидан ахборот

Аввал маълум қилганимиздек, Давлат активларини бошқариш агентлиги (Давактив агентлиги)нинг расмий веб-саҳифасида жорий йил 2 июнь куни чоп этилган эълонга асосан, Давактив агентлиги томонидан “Фарғонаазот” АЖнинг (кейинги ўринларда – Компания) 99,02 фоиз акциялар пакетини сотиш бўйича дастлабки саралаш босқичи (RfQ) учун аризаларни 2022 йил 2 июндан 18 июлга қадар қабул қилинган. Ушбу активни хусусийлаштириш жараёнларида “Deloitte” компанияси етакчи маслаҳатчи ҳамда Халқаро молия корпорацияси (IFC) стратегик маслаҳатчи сифатида жалб этилган.

Компаниянинг хусусийлаштириш жараёнлари доирасида Давактив агентлигининг маслаҳатчилари томонидан кенг қамровли маркетинг ишлари амалга оширилди, жумладан инвестиция тизерлари салоҳиятли инвесторларга юборилди, шунингдек The Financial Times нашрида мақола чоп этилди. Натижада, Америка, Осиё ва Европа мамлакатлардан 10 нафар халқаро инвесторлар томонидан сотиб олиш бўйича қизиқиш билдириш (Express of interest) тўғрисидаги аризалар тақдим этилган, ўз навбатида 5 та талабгорларнинг дастлабки саралаш босқичи (RfQ) аризалари учун тўлиқ ҳужжатлар тўплами келиб тушган.

Давактив агентлиги ҳамда унинг маслаҳатчилари томонидан саралаш учун келиб тушган барча аризалар 2022 йил 2 июнь кун чоп этилган ҳужжатлардаги саралаш босқичи мезонларига мувофиқлиги юзасидан ўрганиб чиқилди. Ўрганиб чиқиш натижасида, талабгорлардан келиб тушган аризаларнинг 1 таси дастлабки саралаш босқичининг талабларига номувофиқлиги сабабли хусусийлаштириш жараёнларининг навбатдаги босқичига ўтказилмаган ва қолган барча талабгорлар кейинги босқичга ўтказилган.

Келгуси икки ҳафта давомида, мазкур талабгорлар хусусийлаштириш жараёнларининг келгуси босқичларида иштирок этиш учун таклиф қилинади ҳамда уларга кейинги босқич жараёнлари тўғрисидаги хат (Procedures Letter) юборилади. Хусусийлаштириш жараёнларида келгусидаги ўз иштирокини тасдиқлаш учун, ушбу талабгорлар билан Ахборотларни ошкор этмаслик тўғрисидаги битим (NDA) имзолаш таклиф этилади, сўнгра уларга халқаро маслаҳатчилар томонидан тайёрланган Компаниянинг молиявий ва юридик маълумотлари, шунингдек таҳлилий ҳисобот (VDD)ларини ўз ичига олган виртуал ахборот хонаси (VDR)га кириш имконияти яратилади.

Давактив агентлиги хусусийлаштириш жараёнига қизиқиш билдирган ва дастлабки саралаш босқичи (RfQ) доирасида аризалар топширган барча иштирокчиларга миннатдорчилик билдиради ҳамда дастлабки саралаш босқичидан ўтган талабгорлар билан келгусидаги конструктив ҳамкорликка ишонч билдиради.

2619 Чоп этиш
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech