Ру Ўз O'z En

Янгиликлар

28 Декабрь 2022

“Ўзагроэкспортбанк” АТБ устав капиталидаги 100 фоиз давлат акциялар пакети хусусийлаштирилганлиги юзасидан ахборот

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2020 - 2025 йилларга мўлжалланган Ўзбекистон Республикасининг банк тизимини ислоҳ қилиш стратегияси тўғрисида” 2020 йил 12 майдаги ПФ–5992-сон Фармони доирасида “Ўзагроэкспортбанк” АТБ устав капиталидаги 100 фоиз давлат акция пакетларини хусусий секторга сотиш кўзда тутилган.

“Support Level” МЧЖ шаклидаги хорижий корхонаси томонидан “Ўзагроэкспортбанк”  АТБ устав капиталидаги 100 фоиз давлат акциялар пакетини 5,0 млн. АҚШ доллар миқдордаги сотиб олиш тўловини бир йўла тўлаб бериш, банкнинг устав капиталини 29 млрд. сўмдан кам бўлмаган қийматга ошириш ҳамда банкнинг инфратузилма, технология ва маҳсулотларини ривожлантиришга камида 50 млн. АҚШ доллар инвестиция киритиш шарти билан сотиб олиш таклифи тўғрисидаги мурожаати келиб тушган.

“Ўзагроэкспортбанк” АТБ устав капиталидаги 100 фоиз давлат акция пакетларини хусусийлаштиришга аввал жалб этилган “Grant Thornton” халқаро консалтинг компанияси томонидан  Ўзагроэкспортбанкнинг 2019 йил декабрь ойидан буён “кредит операциялари” тўхтатилганлиги сабабли кредит портфели 2022 йил 1 декабрь ҳолатига 6,1 млрд. сўм ташкил этиб, бунда муаммоли кредитлар улуши ўта юқорилигини, банкнинг айни даврдаги ҳолатига умумий зарари 31 млрд. сўмни ташкил этганлиги натижасида жами соф активлари қиймати 50 млрд. сўмлиги қайд этилган.

Шунингдек, Ўзагроэкспортбанк Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан банк назоратига оид иқтисодий нормативлар бажарилмаганлиги, активлар бўйича эҳтимолий йўқотишларга қарши етарли миқдорда захиралар шакллантирилмаганлиги, кредит ҳужжатларини расмийлаштиришда белгиланган тартибларга тўлиқ амал қилинмаганлиги, шунингдек, амалдаги қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ  тижорат банклари устав капитали миқдорига қўйилган талаблар бажарилмаганлиги (устав капитали 29 млрд. сўмга кам шакллантирилган) юзасидан огоҳлантирилган.

Шунга кўра, “Grant Thornton” халқаро консалтинг компанияси томонидан банкнинг фаолиятини нафақат сақлаб қолиш, балки уни ривожлантиришга қаратилган “Support Level” МЧЖ шаклидаги хорижий корхонаси томонидан билдирилган таклифи нарх ва бошқа шартлар бўйича олдинги таклифдан яхшилигини ҳисобга олган ҳолда, мазкур таклифни қабул қилиш тавсия этилган.

“Support Level” МЧЖ шаклидаги хорижий корхонасининг Ўзагроэкспортбанк устав капиталидаги 100 фоиз акциялар пакетини 5 млн. АҚШ доллар миқдордаги сотиб олиш тўловини бир йўла тўлаб бериш, банкнинг устав капиталини 29 млрд. сўмдан кам бўлмаган қийматга ошириш ҳамда банкнинг инфратузилма, технология ва маҳсулотларини ривожлантиришга камида 50 млн. АҚШ доллар инвестиция киритиш шарти билан сотиб олиш тўғрисидаги таклифи Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Давлат мулкини сотишда тендер савдоларини ўтказиш бўйича давлат комиссияси томонидан кўриб чиқилиб, тегишли қарорлар билан маъқулланган.

Шу муносабат билан, Давлат активларини бошқариш агентлиги ва “Support Level” МЧЖ шаклидаги хорижий корхонаси билан музокаралар олиб борилди ва “Ўзагроэкспортбанк” АТБ устав капиталидаги 100 фоиз давлат акциялар пакетини сотиб олиш бўйича олди-сотди шартномаси (Битим) имзоланди. “Ўзагроэкспортбанк” АТБ акциялари фонд биржасининг котировкалаш варағидан қонунчиликда белгиланган тартибда чиқарилди ва банкнинг устав капиталидаги 100 фоиз акция пакетлари биржадан ташқари тартибда сотилди.

Мазкур Битимнинг амалга оширилиши илғор халқаро тажриба ва ахборот технологияларни жалб қилиш ҳисобига банк хизматлари оммабоплигининг оширилишига, янги банк хизматларини жорий этилишига ҳамда банк секторида рақобат муҳитини ривожлантиришига хизмат қилади.

Маълумот учун: “Ўзагроэкспортбанк” АТБ устав капиталидаги 100 фоиз давлат акция пакетларини хусусийлаштиришнинг аввалги жараёнлари бўйича Давактив агентлигининг расмий веб сайтида эълонлар берилган.

  

Давлат активларини бошқариш агентлиги
Ахборот хизмати

2242 Чоп этиш
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech