Ру Ўз O'z En

Янгиликлар

20 Август 2022

“ЯГОНА УМУМРЕСПУБЛИКА ПРОЦЕССИНГ МАРКАЗИ” МЧЖдаги давлатга қарашли улушларни хусусийлаштиришга тайёргарлик кўриш жараёнлари тўғрисида ахборот

Тегишли хусусийлаштириш дастурларига мувофиқ, “Ягона умумреспублика процессинг маркази” МЧЖ (кейинги ўринларда – Жамият) устав капиталидаги тегишли банклар (5 та давлат банки)нинг жами 75,0 % улуши Давлат активларини бошқариш агентлигига ўтказилган.

Унга кўра, мазкур улушдан самарали фойдаланиш ва сотиш масаласи Давлат мулкини сотишда тендер савдоларини ўтказиш бўйича давлат комиссияси (кейинги ўринларда – Давлат тендер комиссияси) қарори асосида амалга оширилиши белгиланган.

Ўтган даврда Жамият устав капиталидаги тегишли банклар (5 та давлат банки)нинг жами 75,0 % улуши банклар бошқарув органларининг белгиланган тартибда расмийлаштирилган қарорларига кўра Давлат активларини бошқариш агентлигига ўтказилган.

Давлат тендер комиссияси томонидан Жамиятдаги 75 % давлат улуши мустақил баҳолаш ташкилотини жалб этган ҳолда баҳолатиб сотилиши тўғрисида тегишли қарор қабул қилинган.

Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Республикасининг “Масъулияти чекланган ҳамда қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисида”ги Қонунининг 20-моддасида масъулияти чекланган жамият иштирокчисининг жамият устав капиталидаги улушини жамиятнинг бошқа иштирокчиларига ва учинчи шахсларга ўтиш тартиби белгиланган ва унинг:

тўртинчи қисмига кўра, Жамият иштирокчиларидан бирортаси томонидан сотилаётган улушни (улушнинг бир қисмини) сотиб олишда жамият иштирокчилари учинчи шахслар олдида имтиёзли ҳуқуқдан фойдаланади. Бундай ҳуқуқдан жамиятнинг ҳар бир иштирокчиси фойдаланиши мумкин. Агар жамиятнинг уставида ёки жамият иштирокчиларининг келишувида имтиёзли ҳуқуқни амалга ошириш учун улушни сотиб олишнинг бошқача тартиби назарда тутилмаган бўлса, жамият иштирокчилари томонидан улушни (улушнинг бир қисмини) сотиб олиш устав фондидаги (устав капиталидаги) ўз улушлари миқдорларига мутаносиб равишда амалга оширилади;

олтинчи қисмига кўра:

– ўз улушини (улушининг бир қисмини) учинчи шахсга сотиш ниятида бўлган жамият иштирокчиси улушнинг (улушнинг бир қисмининг) сотилиш баҳосини ва бошқа шартларни кўрсатган ҳолда, бу ҳақда жамиятнинг қолган иштирокчиларини ва жамиятнинг ўзини ёзма шаклда хабардор қилиши шартлиги;

– улушни имтиёзли сотиб олиш ҳуқуқини амалга ошириш истагида бўлган жамият иштирокчиси ўз улушини сотишни таклиф этаётган жамият иштирокчисини хабардор қилиши кераклиги;

– агар келиб тушган таклифларнинг умумий миқдори сотилаётган улушнинг миқдоридан ошмаса, иштирокчилардан ҳар бири улушнинг ўз хабарномасида кўрсатган қисмини сотиб олиши;

- агар келиб тушган таклифларнинг умумий миқдори сотилаётган улуш миқдоридан ошса, иштирокчилар, агар жамиятнинг уставида ёки жамият иштирокчиларининг келишувида бошқача тақсимлаш назарда тутилмаган бўлса, устав фондидаги ўз улушлари миқдорларига мутаносиб равишда сотиб олиши тартиблари назарда тутилган.

Ўз навбатида, Ўзбекистон Республикасининг “Баҳолаш фаолияти тўғрисида”ги Қонуни ҳамда Мулкни баҳолаш миллий стандартининг талабларига мувофиқ, Давлат активларини бошқариш агентлиги томонидан жалб этилган мустақил баҳоловчи ташкилот томонидан Жамиятнинг устав капиталидаги давлат улушини баҳолаш тўғрисидаги ҳисоботи тайёрланди ҳамда ушбу ҳисоботнинг ҳаққонийлиги экспертизадан ўтказилди.

Ушбудан келиб чиқиб, Давлат активларини бошқариш агентлиги Жамият устав капиталидаги 75 % давлат улушини сотиш учун “Масъулияти чекланган ва қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисида”ги Қонуннинг 20-моддаси талабларига мувофиқ давлат улушини сотиб олишда имтиёзли ҳуқуқдан фойдаланишлари мумкинлиги тўғрисида жамиятнинг қолган иштирокчиларини ҳамда жамиятнинг ўзини ёзма равишда хабардор қилади.

Жамиятнинг бошқа иштирокчилари томонидан сотиб олишдаги имтиёзли ҳуқуқдан фойдаланилмаган тақдирда ушбу давлат улушини белгиланган тартибда оммавий савдолар орқали сотиш чоралари кўрилади ва бу тўғрисида қўшимча ахборот берилади.

 

Давлат активларини бошқариш агентлигининг
Матбуот хизмати

3478 Чоп этиш
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech