Бугун Олий Мажлис Сенатининг 47-ялпи мажлисида “Давлат мулкини хусусийлаштириш тўғрисида”ги Қонун муҳокама қилиниб, натижаси бўйича маъқулланди.
Таъкидлаш жоизки, мазкур Қонун Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси томонидан 2023 йил 5 сентябрда қабул қилинган.
Қонуннинг асосий жиҳатлари:
- 1991 йилда қабул қилинган “Давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш тўғрисида”ги Қонундан тубдан фарқ қилади;
- амалдаги қонунда белгиланмаган электрон-онлайн аукцион ва биржа, шунингдек, профессионал консультантларни жалб этган ҳолда музокараларга оммавий таклиф қилиш, рақобатга асосланган мулоқот асосида сотиш ва корхоналарни кейинчалик сотиш шарти билан ижарага бериш каби хусусийлаштиришнинг замонавий 8 та усуллари киритилган;
- очиқлик ва шаффофлик, ҳисобдорлик, тенг рақобат муҳитини таъминлаш тамойиллари, шунингдек, савдоларни ўтказиш ҳамда тўловларни амалга ошириш тартиби ва шартлари белгиланган.
Мазкур Қонун Ўзбекистон Республикаси Президентига имзолаш учун юборилади ҳамда расмий эълон қилинган кундан эътиборан 3 ой ўтгач кучга киради.