Ру Ўз O'z En

Янгиликлар

18 Август 2022

“Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунининг мазмун-моҳияти юзасидан семинар ўтказилди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 8 август куни «Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида»ги Қонунни имзолади.

Қонун имзоланишидан аввал, жорий йилнинг 4 август куни Ўзбекистон Республикаси Президенти раислигида давлат хизматини ислоҳ қилиш ва бошқарувда натижадорликни ошириш чора-тадбирлари юзасидан видеоселектор йиғилишида ушбу Қонуннинг қабул қилиниши тарихий воқеа бўлиб, ушбу масала қарийб 30 йилдан бери кейинга сурилиб келинаётганлигини, унинг қабул қилиниши эса 35 миллион аҳолининг ҳаётини енгил қилишини, кайфиятига бевосита таъсир кўрсатадиган дастурамал бўлишини таъкидлаб ўтган эдилар.

Қонунда, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги давлат фуқаролик хизмати соҳасидаги махсус ваколатли орган” этиб белгиланган бўлиб, Қонуннинг моҳияти ва аҳамиятини аҳоли ўртасида тушунтирилишини таъминлаш вазифаси юклатилган.

Шу муносабат билан, 17 август куни Давактив агентлиги биносида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлигининг масъуллари томонидан семинар тадбири ўтказилди.

Семинарда Давлат активларини бошқариш агентлиги ва Агентлик ҳузуридаги Бўш турган объектлардан самарали фойдаланишни ташкил этиш маркази марказий аппарати, шунингдек ҳудудий бошқармаларда фаолият юритаётган ходимлар иштирок этди.

 

Тадбирда маърузачилар томонидан, Қонунни ишлаб чиқиш жараёнида хориж тажрибаси ва халқаро экспертларнинг фикр-мулоҳазаларига инобатга олиниб, АҚШ, Япония, Буюк Британия, Франция каби 10 ортиқ ривожланган мамлакатлар, МДХ давлатлари ва бошқаларнинг тажрибалари ўрганилганлиги, маҳаллий ва хорижий мутахассисларни жалб қилган ҳолда икки йил давомида чуқур муҳокамалардан сўнг қабул қилинганлиги;

Қонун Давлат органлари ва ташкилотларида меҳнат қилаётган 118 минг нафардан ортиқ давлат фуқаролик хизматчиларининг ҳуқуқий мақомини белгиловчи ҳамда улар фаолиятини ягона қоидалар асосида тартибга солувчи ягона хужжат эканлиги таъкидлаб ўтилди.

Қонунда Давлат фуқаролик хизматчиси ҳуқуқлари, мажбуриятлари, жавобгарлиги,  давлат фуқаролик хизматини ўташ билан боғлиқ чекловлар, фуқаролик хизмати соҳасида коррупциянинг олдини олиш чора-тадбирлари, манфаатлар тўқнашуви, Давлат хизматчиларининг ахлоқий хулқ-атвори қоидалари белгилаб қўйилмоқда.

“Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунида 10 та боб, 64 та модда бўлиб, у матбуотда эълон қилинган кундан 3 ой ўтгач кучга киради.

         Тадбир сўнгида Қонун ости хужжатларини ишлаб чиқиш, давлат фуқаролик хизмати лавозимларининг малака даражаларини бериш тартиби ва бошқа саволларга жавоб олинди ҳамда тизим ходимлари билан келгусида амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар белгилаб олинди.

3438 Чоп этиш
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech