Ру Ўз O'z En

Янгиликлар

10 Октябрь 2022

"Ипак йўлидаги корпоратив бошқарув" Директорларининг биринчи халқаро бизнес саммитида Давактив агентлиги вакиллари иштирок этишди

Жорий йилнинг 7 октябрь куни Тошкент шаҳрида корпоратив бошқарувни ривожлантиришда давлат, инвесторлар ва бизнеснинг ролини муҳокама қилишга қаратилган "Ипак йўлидаги корпоратив бошқарув" Директорларининг биринчи халқаро бизнес саммити бўлиб ўтди.

Саммитдан кўзланган асосий мақсад, Марказий Осиё ва “Ипак йўли” давлатларида корпоратив бошқарув соҳасида эришилган ютуқлар ва амалиётлар билан ўзаро тажриба алмашиш, компаниялар кузатув кенгашлари (директорлар кенгашлари)даги ҳолат, улар фаолиятидаги тенденцияларни ўрганишдир.

Шунингдек мазкур саммитда, Давактив агентлиги директори ўринбосари Алишер Миралиев ҳам маъруза қилди ва Ўзбекистон Республикасида корпоратив бошқарувнинг ривожланиши асослари, соҳада норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириб борилиши, давлат иштирокидаги корхоналар фаолиятига бошқарувнинг замонавий амалиётларини жорий қилиш тўғрисида маълумот берди.

Хусусан, 2021-2025 йилларда давлат иштирокидаги корхоналарни бошқариш ва ислоҳ қилиш стратегияси талабларини давлат иштирокидаги корхоналар фаолиятига жорий этиш, Стратегия билан уларнинг бошқарув ва назорат органлари аъзолари фаолияти самарадорлигини, масъулиятини ошириш бўйича кўзда тутилган янгиликлар билан таништириб ўтилди.

Ўз навбатида, сўнгги йилларда давлатнинг иқтисодиётдаги иштирокини қисқартириш, давлат иштирокидаги корхоналарни трансформация қилиш, уларнинг кузатув кенгашлари ва бошқарувига мустақил аъзоларни, малакали, халқаро тажрибага эга бўлган мутахассисларни жалб қилиш борасидаги тажриба билан фикр алмашилди.

Шу билан бирга, Ўзбекистонда давлат иштирокидаги корхоналарни трансформация қилиш, уларнинг бошқарув тизимини ривожлантиришнинг устувор йўналишлари, корпоратив бошқарувни такомиллаштиришдаги устувор вазифалар ҳамда келгуси йил режалари ҳақида сўз олиб борилди.

Саммит ташкилотчилари (Ипак йўли кенгаши ва бошқарув институти (SR BGI), Ўзбекистондаги KPMG компанияси, Халқаро Молия корпорацияси (IFC), Профессионал директорлар уюшмаси (ADI) ва TEAM университети) Марказий Осиё ва Кавказ минтақаси мамлакатлари иқтисодиётлари юксалган даврда давлат ва хусусий компанияларида корпоратив бошқарувнинг энг яхши амалиётларини, ҳар битта давлатнинг иқтисодиёти модели ва ривожланиш даражасини инобатга олган ҳолда, такомиллаштириб борилишига ишонч билдиришди.

1623 Чоп этиш
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech