Ру Ўз O'z En

Янгиликлар

20 Май 2021

Давактив агентлиги “Ўзагроэкспортбанк” АТБ устав капиталидаги давлат акция пакети сотилаётганини эълон қилади

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2020 - 2025 йилларга мўлжалланган Ўзбекистон Республикасининг банк тизимини ислоҳ қилиш стратегияси тўғрисида” 2020 йил 12 майдаги ПФ - 5992-сон Фармонига асосан Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги (кейинги ўринларда – Давактив агентлиги) “Ўзагроэкспортбанк” АТБ устав капиталидаги 100 фоиз давлат акция пакетлари нархларини максимал қийматда, шу билан бирга келгусида банкнинг молиявий ҳолати барқарорлигини ошириш ва ривожлантириш шартлари билан оммавий савдолар орқали сотиш (кейинги ўринларда - Битим) режасини эълон қилади.

Ушбу битим доирасида, халқаро миқёсида тан олинган консалтинг хизматлари кўрсатувчи компаниялардан “Grant Thornton” компанияси компанияси (кейинги ўринларда - Консультант)  “Ўзагроэкспортбанк” АТБни (кейинги ўринларда - Банк) хусусийлаштириш бўйича консултант сифатида танлаб олинди.

Банк тўғрисида қисқача маълумот.

Банк Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзагроэкспортбанк” акциядорлик тижорат банкини ташкил қилиш тўғрисида” 2017 йил 24 январдаги ПҚ-2740-сон Фармони билан акциядорлик жамияти шаклида ташкил этилган. Банкнинг асосий мақсади экспорт қилувчи ташкилотларни молиявий қўллаб-қувватлаш, мева-сабзавот маҳсулотларининг экспорт имкониятларини самарали ва барқарор ривожлантиришни таъминлаш, агросаноат маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилар ва аҳоли учун янада қулай шарт-шароитлар яратиш ҳамда уларга кенг кўламдаги банк-молия хизмат турларини кўрсатишдир.

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан 2017 йил 21 октябрда берилган 83-сонли банк лицензиясига асосан, тижорат банк операцияларини, қимматли қоғозлар, халқаро валюта операцияларини амалга ошириш, ссуда ва кафилликлар бериш, омонатлар қабул қилиш ва кредит бериш, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида тўловларни амалга ошириш, шунингдек юридик ва жисмоний шахларга бошқа банк хизматларини кўрсатиш Банкнинг асосий фаолияти турлари ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикасининг “Фуқароларнинг банклардаги омонатларини ҳимоялаш кафолатлари тўғрисида”ги Қонунига асосан Банк тасдиқланган давлат суғурта қўйилмалари дастурида иштирок этади, лицензияси бекор қилинган ҳолда ҳам қўйилмалар суммасидан қатъий назар, қўйилмалар 100 фоиз миқдорида қайтарилади.

Банк ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикаси, Тошкент шаҳри, Амир Темур кўчаси, 79 а-уй манзилда жойлашган бош офиси орқали амалга оширади.

Банк фаолияти ва Ўзбекистон Республикаси банк тизимининг асосий кўрсаткичлари тўғрисидаги қўшимча маълумотларни https://uaeb.uz ва https://cbu.uz интернет сайтлари орқали олиш мумкин.

Давлат акция пакетларининг сотилиши рақобат асосида, барча манфаатдор иштирокчилар учун очиқ ариза топшириш ёндашуви асосида амалга оширилади. Банкни сотиш механизми ва жараёни қуйидаги босқичлардан иборат:

  • Иштирок этишга қизиқиш билдирганлар 1-3 иловаларга мувофиқ иштирок этиш учун ариза, иштирокчиларни саралаш ва ғолибни танлаш мезонлари ва номзодлар тўғрисидаги маълумотлар бўйича ҳужжатлар тўпламини тақдим этиш;
  • Дастлабки малакавий танлов;
  • Тижорий ва молиявий таклифларни танлаб олиш;
  • Битимни расмийлаштириш;

Биринчи босқичда иштирокчилар томонидан тақдим этиладиган ҳужжатлар тўпламини ўрганиш натижаларига асосан, сотувчи кейинги босқичга ўтказилган малакали иштирокчиларнинг рўйхатини тузади (Long list) ва уларга саралаш натижаси бўйича алоҳида хабар беради.

Иккинчи босқичда иштирокчилар билан маълумотларни ошкор қилмаслик тўғрисида битим (NDA) имзоланади. Шундан сўнг иккинчи босқич иштирокчилари банкка доир маълумотларни маълумотлар базасига (Data room) ва келгусида белгиланган муддат давомида банк тўғрисида тўлиқ маълумотларни олиш учун онлайн ва офлайн сессияларга рухсат берилади. Иккинчи босқич иштирокчилари томонидан Банк тўғрисидаги маълумотлар кўриб чиқилгандан сўнг битимни имзолаш учун мажбуриятга эга бўлмаган таклифларни (Non-binding offer) тақдим этиш сўралади.

Мажбуриятга эга бўлмаган таклифлар кўриб чиқилгандан сўнг, Агентлик консультант билан бирга учинчи босқич иштирокчиларини танлаб олади. Танлаб олинган иштирокчиларга Банкни қўшимча ўрганиш (Due diligence) имконияти тақдим этилиб унда банкка ташриф буюриш ва менежерлар тақдимотида иштирок этиш учун рухсат берилади.

Учинчи босқич доирасида, иштирокчилар маълумотларни ўрганиш натижаларига асосан мажбуриятга эга бўлган тижорий ва молиявий таклифларни (Binding offer) тақдим этади. Танлов натижасига асосан иштирокчиларнинг қисқа рўйхати (Short list) шакллантирилади ва иштирокчиларга алоҳида билдиришномалар юборилади.

Қисқа рўйхатга киритилган ва Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг дастлабки руҳсатномасини олган тўртинчи босқич  иштирокчиларга олди-сотди шартномаси, дастлабки бадал тўловни амалга ошириш учун банк хисоб рақами ва тўғридан-тўғри музокаларни ўтказиш учун таклиф юборилади. Тўғридан-тўғри музокалар натижасига кўра сотувчи Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига асосан ғолиб билан олди-сотди шартномаси имзоланишини таклиф этади.

Қизиқиш билдирган шахслар 2021 йил 20 июнга қадар Тошкент вақти билан 18:00 дан кечикмай obidjan.azimbaev@uz.gt.com ва G.madakimov@davaktiv.uz электрон манзилларига ёки Давактив агентлигининг почта манзилига (100000, Тошкент шаҳри, Амир Темур кўчаси, 6-уй, Тел. (+99871) 259-22-07) ўзбек, рус ва инглиз тилларида (аризачининг ҳохишга кўра) ваколатли вакил томонидан имзоланган ҳолда махсус конвертда юборишлари лозим.

Ариза топшириш жараёни салоҳиятли инвестор мезонларига мос тушган барча қизиқувчилар учун очиқ.

Давактив агентлиги Консультант билан биргаликда банкни сотиш жараёнини шаффоф, профессионал ва муваффақиятли ташкил этиш учун барча зарурий чораларни кўради.

Шунингдек, профессионал компаниялар ва инвесторларнинг Ўзбекистон Республикасидаги хусусийлаштириш жараёнларидаги иштирокини янада кенгайтиришдан манфаатдормиз.

Қўшимча шартлар:

Давлат акция пакетларини сотишдан асосий мақсад банкнинг молиявий барқарорлигини ошириш ва банк томонидан тақдим этиладиган профессионал банк хизматлари турини кенгайтириш шу билан бирга, банк соҳасига йўналтирилган инвестициялар ва кредит линияларини жалб қилиш.

Давактив агентлиги сотиш жараёни кетма кетлигини ўзгартириш, ҳар қандай салоҳиятли ҳаридорни ва у билан музокараларни ҳар қандай вақтда ва тушунтиришларсиз рад қилиш ҳуқуқини ўзида сақлаб қолади.

Ушбу эълон ёки унинг бир қисми Давактив агентлиги, Банк ва Консультантнинг банкнинг сотиш жараёнидаги мажбуриятлари сифатида қаралмайди.

 Давактив агентлиги ва Консультант:

(i) аризаларни топшириш муддатига ўзгартиришлар киритиш;

(ii) Олдиндан огоҳлантирмаган ҳолда манфаатдор томонларга нисбатан турли хил жараёнларни бажариши ва / ёки бошқа салоҳиятли харидор (лар) ни истисно қилган ҳолда Aгентлик, Банк ва Консультант томонидан биргаликда тақдим этилган жадвал ва жараён доирасида бир ёки бир нечта потенциал харидорлар билан музокаралар олиб бориш;

(iii) Сотув жараёнини ҳар қандай сабабларга кўра тўхтатиш;

(iv) Ҳар қандай вақтда ва сабабини тушунтирмаган ҳолда ҳар қандай салоҳиятли ҳаридор билан музокаралар ва мунозаларни тўхтатиш ваколатини ўзида сақлаб қолади.

Ариза (юклаш)

Иштирокчиларни саралаш мезонлари (юклаш)

Талаблар (юклаш)

6984 Чоп этиш
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech