Ру Ўз O'z En

Янгиликлар

09 Июль 2024

“Миллий банклараро процессинг маркази” АЖни хусусийлаштириш бўйича консультант танлаб олинди

Давактив агентлигининг “Миллий банклараро процессинг маркази” АЖ (HUMO)нинг устав капиталидаги 100 фоиз давлат улушини (кейинги ўринларда - Актив) хусусийлаштиришни ташкиллаштириш учун профессионал консалтинг компаниясини (кейинги ўринларда – Консультант) жалб этиш юзасидан танлов эълонига мувофиқ, қуйидагилар маълум қилинади.

Мазкур танлов жараёнида 8 та маҳаллий ва халқаро профессионал консалтинг компанияларидан таклифлар қабул қилинди. Келиб тушган таклифлар хорижий тажрибага эгалиги, фаолият соҳасида амалга оширган лойиҳалари, лойиҳа доирасида жалб қилинадиган профессионал жамоасининг малакаси асосида сараланди.

Саралаш натижасида, энг мақбул нарх таклифини билдирган "Deloitte" компанияси Активнинг устав капиталидаги давлат улушини хусусийлаштириш бўйича консультант сифатида танланди.

Консультант қуйидаги вазифаларни амалга оширади:

  • Ўзбекистонда ва минтақада соҳани ривожлантиришдаги шароитларни ва тўлов тизими хизматлари бозорини таҳлил қилиш;
  • Активнинг ҳар томонлама (солиқ, ҳуқуқий, молиявий ва экологик) чуқур таҳлилини ўтказиш (due diligence);
  • оптимал маркетинг стратегияси бўйича тавсиялар, маркетинг материалларини тайёрлаш (тизер, инфо-меморандум, жараён ҳолати бўйича хат ва бошқалар) ва инвесторлар ўртасида ахборот материалларини тарқатиш;
  • Активни хусусийлаштиришга қаратилган барча чораларни кўриш, жумладан, виртуал маълумотлар хонаси (VDR)ни ташкил этиш, олди-сотди шартнома лойиҳасини (ўзбек тилига таржимаси билан, керак бўлса рус ва инглиз тилларида ҳам) тайёрлаш билан бирга сотиш жараёнида ҳамроҳлик қилиш.

Давактив агентлиги Deloitte билан биргаликда жараённи очиқ, шаффоф ва рақобат тамойилларига асосланган савдо механизмларига мувофиқ ташкил этишнинг барча чораларини кўради ҳамда жараённинг ҳар бир босқичи тўғрисида оммага ахборот бериб борилишини таъминлайди.

 

2626 Чоп этиш