Ру Ўз O'z En

Янгиликлар

26 Август 2024

“Uzinjiniring” respublika loyiha instituti” МЧЖ устав капиталидаги давлат улушини хусусийлаштириш жараёни юзасидан ахборот

Давлат активларини бошқариш агентлиги томонидан жорий йил 22 июль куни чоп этилган эълонга мувофиқ, "Uzinjiniring” respublika loyiha instituti” МЧЖ устав капиталидаги давлат улушини (кейинги ўринларда – "Актив") хусусийлаштириш жараёнининг Активни сотиб олиш бўйича қизиқиш билдириш (Express of interest) босқичи бошланган.

Аввал маълум қилинганидек, ушбу Активни хусусийлаштириш жараёнини илғор халқаро тажриба асосида амалга ошириш учун “Abrau Capital” (кейинги ўринларда – "Консультант") компанияси хусусийлаштириш бўйича Консультант сифатида жалб этилган.

Аризаларни қабул қилиш жараёни доирасида, Консультант томонидан кенг қамровли маркетинг ишлари амалга оширилди, жумладан, инвестиция тизерлари салоҳиятли инвесторларга юборилди. Натижада, 2024 йил 22 августга қадар 3 нафар халқаро ва маҳаллий инвесторлар томонидан сотиб олиш бўйича қизиқиш билдириш тўғрисидаги аризалар Консультантга келиб тушган.

Давактив агентлиги ҳамда хусусийлаштириш бўйича Консультант томонидан келиб тушган барча аризалар қуйидаги мезонлар бўйича сараланган:

  • барқарор молиявий ҳолати (МҲХС бўйича текширилган молиявий ҳисоботлари билан тасдиқланган) ва эҳтимолий битимни кафолатланган молиялаштириш қобилияти;
  • хусусийлаштириш жараёнида иштирок этилишини тақиқлаши мумкин бўлган маъмурий, ҳакамлик ёки бошқа суд жараёнларининг йўқлиги;
  • Ўзбекистон Республикасининг 660-II-сонли “Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонунига риоя этилиши;
  • Талабгор (консорциум ҳолатида, консорциум аъзоларидан ҳеч бири) ва унинг акциядорлари/иштирокчиларининг ҳеч бири давлат компанияси ёки устав капиталида давлат улуши бўлган компания эмаслиги;
  • Талабгор ва улар билан боғлиқ бўлган шахслардан ҳеч бири Европа Иттифоқи ва АҚШнинг, шунингдек йирик халқаро молия институтларининг санкциялари рўйхатига киритилмаганлиги, шунингдек келажакда бундай рўйхатларга кириш эҳтимолининг пастлиги.

Келиб тушган аризаларни юқоридаги мезон талаблари асосида Консультант томонидан чуқур ўрганиш натижасида, барча инвесторларнинг аризалари юқоридаги мезон талабларига тўлиқ мос деб топилган.

Шунга кўра, Активни сотиб олиш бўйича қизиқиш билдириш (Express of interest) босқичидан муваффақиятли ўтган талабгорлар, хусусийлаштириш жараёнининг келгуси Мажбуриятга эга бўлган таклиф (BO) қабул қилиш босқичида иштирок этиш учун таклиф қилинади ҳамда уларнинг ҳар бирига алоҳида ушбу босқич жараёнлари тўғрисидаги индивидуал хат (Process Letter) юборилади. 

Талабгорлар томонидан Ахборотларни ошкор этмаслик тўғрисидаги битим (NDA) имзолангандан сўнг, уларга Консультант томонидан тайёрланган виртуал маълумотлар хонаси (VDR)га кириш имконияти берилади. Ушбу маълумотлар хонаси Актив тўғрисида батафсил маълумотларни, жумладан, тарихий ва прогнозли молиявий кўрсатгичлари каби ахборотларни ўз ичига олади.

Консультант томонидан Активни сотиб олиш нархи бўйича Мажбуриятга эга бўлган таклифлар (BO) 2024 йил 27 сентябрь соат 18:00 (Тошкент вақти билан)га қадар қадар қабул қилинади.

Шу билан бирга, мазкур муддатга қадар талабгорлар томонидан “E-auksion” электрон савдо платформасида очиладиган шахсий кабинетлари орқали таклиф этиладиган Мажбуриятга эга бўлган таклифларининг камида 1 фоизини кафолатли тўлов сифатида “Электрон онлайн-аукционларни ташкил этиш” АЖнинг тегишли ҳисоб рақамига ўтказиш талаб этилади.

Бунда, мазкур кафолат тўлови талабгорлар ғолиб деб топилмаган тақдирда уларнинг шахсий кабинетига қайтарилади, ғолиб бўлган тақдирларида - сотиб олиш тўловининг бир қисми сифатида ҳисобга олинади.

Давактив агентлиги хусусийлаштириш жараёнига қизиқиш билдирган ва аризалар топширган барча иштирокчиларга миннатдорчилик билдиради ҳамда Активни сотиб олиш бўйича қизиқиш билдириш босқичидан муваффақиятли ўтган талабгорлар билан келгусидаги конструктив ҳамкорликни шаффоф муҳитда давом эттиради.

5859 Чоп этиш