Ру Ўз O'z En

Янгиликлар

16 Июнь 2023

Давактив агентлиги “Ўрта Осиё Транс” АЖнинг 51 фоиз давлат акция пакетини сотиш бўйича келишувга эришди

Тегишли хусусийлаштириш дастурларига мувофиқ, Давлат активларини бошқариш агентлиги (кейинги ўринларда - Давактив агентлиги) “Ўрта Осиё транс” АЖ  (кейинги ўринларда - Корхона) устав капиталидаги 51,0 фоиз давлат акция пакетини (кейинги ўринларда – Акциялар пакети)  65,0 млрд.сўмга “Hyper Partners” МЧЖ ХК (кейинги ўринларда - Харидор)га сотиш бўйича келишувга эришилганлигини маълум қилади.

Сотув жараёнида Merritz юридик фирмаси бошчилигидаги компаниялар консорциуми (кейинги ўринларда - Консультант) хусусийлаштириш бўйича консультант вазифасини бажарди.

Консультант ва Давактив агентлиги томонидан хусусийлаштириш жараёни доирасида ҳам маҳаллий, ҳам халқаро даражада кенг кўламли маркетинг ишлари амалга оширилди, жумладан инвестиция тизерлари консультантнинг инвесторлар тармоғи орқали турли хорижий инвесторларга (investor sounding) юборилди.

Натижада хорижий ва маҳаллий инвесторлардан Акциялар пакетини сотиб олиш бўйича 3 та Мажбуриятга эга бўлмаган (NBO) таклифлар келиб тушди.

Консультантнинг тавсиясига асосан 2 та талабгорлар хусусийлаштириш жараёнининг кейинги Мажбуриятга эга бўлган таклифлар (BO) қабул қилиш босқичига ўтказилган.

Шунга кўра, келиб тушган Мажбуриятга эга бўлган таклифларни (BO) белгиланган малака мезонларига мувофиқлиги, минтақадаги иш фаолияти, Битимни ёпиш шартлари ва Корхонанинг баҳоланган қийматидан юқорилиги бўйича энг яхши харид қийматини тақдим этган “Hyper Partners” МЧЖ ХК савдо натижалари бўйича ғолиб деб топилди.

Хусусийлаштириш бўйича консультант сифатида жалб қилинган “Merritz” ҳалқаро компаниясининг 2023 йил 7 июндаги хатига мувофиқ, “Hyper Partners” МЧЖ ХК ва унинг тегишли шахсларидан ҳеч бири Европа Иттифоқи ва АҚШнинг, шунингдек йирик халқаро молия институтларининг санкциялари рўйхатига киритилмаганлиги тўғрисида тегишли хулоса тақдим этилган.

Маълумот учун:

“Hyper Partners” МЧЖ томонидан келгусида Корхонанинг фаолиятини сақлаш, шу билан биргаликда Европа, Хитой Халқ Республикаси ва Марказий Осиё давлатлари орқали ҳаракатланувчи транспорт логистика фаолиятини ташкил этиш, ривожлантириш ва кенгайтириш, жамиятга тегишли ер майдонида янги замонавий божхона терминали ҳамда кўп қаватли автотураргоҳ қуриш кўзда тутилган.

“Ўрта Осиё Транс” транспорт корхонаси 1992 йилда ташкил этилган, кейинчалик 1995 йилда давлат акциядорлик компанияси ва 1998 йилда “Ўрта Осиё Транс” АЖ сифатида қайта ташкил этилган, Корхона юк автомобиллари билан экспорт-импорт, транзит ва Республика ичидаги юкларни (асосан пахтадан тайёр маҳсулотлар, озиқ овқат, ускуналар, қурилиш материаллари, қоғоз, текстил ва трикотаж маҳсулотлари ва х.к) ташишни ташкил этиш ишларини амалга оширади, устав капитали 1,484 млрд. сўм ташкил этади.

2429 Чоп этиш
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech