Ру Ўз O'z En

Янгиликлар

18 Август 2022

Хоразм вилоятида "Roadshow" тақдимоти ўтказилди

Давлат активларини бошқариш агентлиги томонидан жорий йил 13 август куни Хоразм вилоятида хусусийлаштирилиши белгиланган давлат активлари жумладан, корхоналардаги давлат улушлари, бўш турган давлат мулки объектлари ва сотилиши белгиланган ер участкалари тўғрисида навбатдаги Roadshow (тақдимот) ўтказилди.

Урганч шаҳридаги “Ёшлар маркази” биносида бўлиб ўтган мазкур тадбирда маҳаллий ҳокимликлар ҳамда вилоятдаги йирик корхоналарнинг вакиллари ва 200 дан ортиқ тадбиркорлар иштирок этди. Ўз ўрнида, Давактив агентлиги мутасаддилари томонидан қатнашчиларга E-auksion электрон савдо платформасидан фойдаланиш бўйича мастер-класс ўтказилиб, савдо платформасида шахсий кабинет очиш, онлайн электрон имзо олиш ва савдоларда қатнашиш учун аризалар бериш тартиблари ҳам назарий ҳам амалий тушунтирилди.

“Roadshow” тақдимоти доирасида тадбиркорлар оммавий савдоларга чиқарилган 78 та давлат активлари ва 3464 та ер участкалари ҳамда ижарага берилиши кўзда тутилган 206 та давлат мулклари билан танишдилар. 

Бундан ташқари, аввалдан доимий фойдаланиш ёки умрбод эгалик қилиш ҳуқуқи асосида ўзларига тегишли бўлган қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштириб олган фуқароларга мулк ҳуқуқини тасдиқловчи давлат ордерлари топширилди ҳамда мазкур жараён тартиби бўйича тадбир қатнашчиларига тушунтиришлар берилди. 

Roadshow иштирокчиларига хусусийлаштириш дастурларига мувофиқ оммавий савдоларда сотилиши белгиланган ҳамда савдо жараёнидаги давлат активлари, шу жумладан, вилоятдаги йирик активлар, маъмурий ҳамда ишлаб чиқариш бинолари каби объектлар ва ер участкалари тўғрисида маълумотлар берилди.

Кўтаринки руҳда ва савол-жавобларга бой ўтган Roadshow давомида Давактив агентлиги директори ўринбосари Бекзод Усмонов ва вилоятнинг бошқа мутасадди раҳбарлари тадбир қатнашчилари ва ОАВ вакиллари томонидан берилган бир қатор саволларга батафсил жавоблар бериб ўтдилар. 

Шу каби тадбирлар вилоятнинг барча шаҳар ва туманларида ўтказилиши режалаштирилди.

Маълумот учун: бу каби тақдимотлар ва учрашувлар (Roadshow) республикамизнинг барча вилоятлари, Тошкент шаҳри ва Қорақалпоғистон Республикасида ўтказилади.

1445 Чоп этиш
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech