Давактив агентлиги Давлат тендер комиссиясининг тегишли қарорига мувофиқ, “ЎзГАШКЛИТИ” МЧЖ (кейинги ўринларда – Жамият) устав капиталидаги 100 фоиз давлат улушини 133,7 млрд. сўм қийматда сотиб олиш бўйича савдо ғолиби – “SG ENGINEERING AND DEVELOPMENT” МЧЖ билан шартнома шартлари (тўлов муддатлари ва шакллари)ни келишган ҳолда олди-сотди шартномаси имзоланганлигини маълум қилади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 11 февралдаги "Давлат активларини хусусийлаштириш жараёнларини янада жадаллаштириш тўғрисида"ги ПФ-6167-сон Фармонига мувофиқ хусуcийлаштирилиши белгиланган “ЎзГАШКЛИТИ” МЧЖ устав капиталидаги 100 фоиз давлат улушини сотиш “UzAssets инвестиция компанияси” АЖ (кейинги ўринларда – UzAssets) томонидан жалб қилинадиган консультант томонидан амалга оширилиши белгиланган.
Аввал ахборот берилганидек, ушбу хусусийлаштириш жараёнларини энг яхши халқаро тажриба асосида амалга ошириш учун танлов асосида Grant Thornton халқаро консалтинг компанияси (кейинги ўринларда – Консультант) жалб қилинган ва “Dentons” халқаро юридик фирмаси томонидан ҳуқуқий ҳамроҳлик қилинган.
Консультант томонидан ушбу савдо жараёни бўйича кенг кўламли маркетинг ишлари олиб борилиб, хусусийлаштириш жараёнининг “Investor sounding” (инвесторларни хабардор қилиш/огоҳлантириш) босқичида Жамият тўғрисида инвестиция тизерлари (Investment teasers) тайёрланган ва Grant Thornton консалтинг компанияси томонидан, жумладан унинг халқаро офислар тармоғи орқали Жамият фаолият юритаётган соҳадаги 25 дан ортиқ хорижий ва маҳаллий инвесторларга юборилган.
Натижада, рақобат муҳити таъминланган ҳолда талабгорларнинг савдо жараёнларида иштирок этиш учун аризалари Консультантга келиб тушган.
Хусусийлаштириш жараёнларининг кейинги босқичларида қизиқиш билдирган талабгорларга Активнинг фаолияти билан яқиндан танишишлари учун консультант томонидан тайёрланган солиқ, молия, ҳуқуқий ва экологик таҳлиллар (due-diligence) мавжуд бўлган виртуал маълумотлар хонаси (VDR)га кириш ҳамда Жамият бошқаруви, шунингдек, Консультантга саволлар бериш, Жамиятга ташриф буюрган ҳолда ўрганиш имконияти яратилган.
Шунга кўра, ушбу талабгорлардан Жамиятни сотиб олиш бўйича мажбуриятга эга бўлган (Binding offer) таклифлари қабул қилинган.
Консультант тавсиясига асосан, шунингдек “SG ENGINEERING AND DEVELOPMENT” МЧЖ томонидан таклиф этилган нарх таклифи бошқа талабгорнинг нарх таклифидан ҳамда мустақил баҳолаш ташкилоти томонидан тақдим этилган баҳолаш ҳисоботидаги Жамиятнинг тавсиявий бозор қийматидан юқорилигини инобатга олиб Давлат тендер коммиссиясининг тегишли йиғилиш баёни қарори билан ушбу талабгорнинг таклифи энг яхши таклиф сифатида қайд этилган ва савдо ғолиби деб топилган.