Ру Ўз O'z En

Янгиликлар

09 Июнь 2023

“Навоийазот” АЖни хусусийлаштириш стратегиясини ишлаб чиқиш бўйича Етакчи консультант танлаб олинди

Тегишли хусусийлаштириш дастурларига мувофиқ, Давлат активларини бошқариш агентлиги томонидан “Навоийазот” АЖни хусусийлаштириш стратегиясини ва уни амалга ошириш йўл харитасини ишлаб чиқиш учун Етакчи консультант (кейинги ўринларда – Консультант) жалб қилиш юзасидан халқаро танлов эълонига мувофиқ қуйидагилар маълум қилинади.

Мазкур танлов жараёнида 5 та маҳаллий ва халқаро профессионал консалтинг компаниялардан таклифлар қабул қилиниб, уларнинг молиявий таклифи, соҳадаги тажрибаси, малакаси ва белгиланган вазифаларни амалга ошириш бўйича ёндашувлари асосида сараланди.

Саралаш натижасида, фаолият соҳасида амалга оширган юқори даражадаги лойиҳалари, лойиҳа доирасида жалб қилинадиган профессионал жамоасининг малакаси ҳамда энг мақбул нарх таклифини билдирган KPMG халқаро компанияси “Навоийазот” АЖни хусусийлаштириш стратегиясини ва уни амалга ошириш йўл харитасини ишлаб чиқиш учун Етакчи консультант сифатида танланди.

Етакчи консультант қуйидаги вазифаларни амалга оширади:

  • молиявий ва солиқ фаолиятини комплекс таҳлили (due diligence)
  • ҳуқуқий фаолиятини комплекс таҳлили (due diligence)
  • инвесторлар қизиқишини бирламчи ўрганиш (soft market sounding)
  • яхлит Компания, шу жумладан эҳтимолий алоҳида мустақил бўлинмаларни ва/ёки ишлаб чиқариш занжирларни ва/ёки инфратузилма ва хизматларини сотиб олишга бўлган инвесторларнинг қизиқишини ўрганиш (primary market sounding)
  • хусусийлаштириш стратегиясини (“Навоийазот” АЖ устав капиталидаги (фондидаги) “Ўзкимёсаноат” АЖ ва давлат улушларини хусусийлаштириш) ва уни амалга ошириш йўл харитасини ишлаб чиқиш.
  • кредитлар бўйича асосий қарз, фоизлар ва солиқларни давлат бюджетига тўлашни таъминлаш мақсадида активлар рентабеллигини ошириш учун зарур шарт-шароитларни яратиш бўйича таҳлиллар.

Давактив агентлиги KPMG халқаро компанияси билан биргаликда жараённи очиқ, шаффоф ва рақобат тамойилларига асосланган савдо механизмларига мувофиқ ташкил этишнинг барча чораларини кўради ҳамда жараённинг ҳар бир босқичи тўғрисида оммага ахборот бериб борилишини таъминлайди.

Эслатиб ўтамиз, жорий йил 30 апрелдаги эълонга мувофиқ, “Навоийазот” АЖни хусусийлаштириш стратегиясини ишлаб чиқиш доирасида Халқаро Молия Корпорацияси (IFC) Стратегик маслаҳатчи сифатида жалб этилган.

2189 Чоп этиш
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech