Ру Ўз O'z En

Янгиликлар

30 Апрель 2023

Халқаро молия корпорацияси (IFC) “Навоийазот” АЖни хусусийлаштириш жараёнига стратегик маслаҳатчи сифатида жалб этилди

Жорий йил 28 апрель куни Тошкентда бўлиб ўтган иккинчи Тошкент халқаро инвестиция форуми доирасида Давлат активларини бошқариш агентлиги ва Халқаро молия корпорацияси (ХМК) ўртасида “Навоийазот” АЖни хусусийлаштиришда ҳукуматга кўмаклашиш тўғрисидаги келишув имзоланди.

Келишувга мувофиқ, Халқаро молия корпорацияси (ХМК) Ўзбекистон ва Марказий Осиёдаги кимё саноати ҳамда ўғитлар ишлаб чиқарувчи етакчи корхоналардан бири – “Навоийазот” АЖни хусусийлаштиришдан олдинги жараёнига стратегик маслаҳатчи сифатида жалб этилади.

Ўзбекистон Президентининг 2022 йил 10 октябрдаги қарори билан “Навоийазот” акциядорлик жамиятини хусусийлаштиришдан олдин тайёрлаш зарурати белгилаб қўйилган. Хусусийлаштиришдан олдинги тайёргарлик ҳукуматга энг йирик давлат активларидан бирини хусусийлаштиришнинг мақбул стратегиясини ишлаб чиқишга ёрдам беради. “Навоийазот” акциядорлик жамиятининг кейинчалик хусусийлаштирилиши Ўзбекистон кимё саноатига хусусий инвестицияларнинг кириб келиши, уни модернизация қилиш, шунингдек, мамлакатимиз иқтисодиётининг ушбу фундаментал тармоғи самарадорлиги ва рақобатбардошлигини оширишга хизмат қилади.

Шу билан бирга, Давактив агентлиги раҳбарияти ва Халқаро молия корпорацияси (ХМК)нинг Яқин Шарқ, Марказий Осиё, Туркия, Афғонистон ва Покистондаги ДХШ лойиҳалари бўйича консалтинг хизматлари бошқармаси бошлиғи Мунир Ферузи ўртасида алоҳида музокаралар ўтказилиб, ХМКнинг стратегик маслаҳатчилиги билан “Фарғонаазот” АЖ устав капиталидаги акциялар пакетини хусусийлаштириш бўйича муваффақиятли келишувга эришилганлиги таъкидлаб ўтилди ҳамда “Навоийазот”АЖни хусусийлаштириш стратегиясини ишлаб чиқиш бўйича келгусида амалга ошириладиган чора-тадбирлар ва бошқа истиқболли ҳамкорлик йўналишлари муҳокама қилинди.

“Навоийазот” АЖ ҳақида

“Навоийазот” АЖ минерал ўғитлар, кимёвий реагентлар ва бошқа кичик ҳажмдаги кимё маҳсулотлари ишлаб чиқариш билан шуғулланувчи Ўзбекистондаги йирик кимё саноати корхоналаридан бири ҳисобланади. Ўзбекистон кимё маҳсулотларининг 30 фоиздан ортиғини ишлаб чиқарадиган “Навоийазот” акциядорлик жамияти кимё саноатининг таянч корхоналаридан бири бўлиб, республика саноати, транспорт, қишлоқ хўжалиги ва ёқилғи-энергетика комплексининг деярли барча тармоқларини қамраб олган.

Халқаро молия корпорацияси (ХМК) ҳақида

Жаҳон банки гуруҳининг аъзоси бўлган ХМК ривожланаётган бозорларда хусусий секторга йўналтирилган энг йирик глобал ривожланиш институтидир. ХМК 100 дан ортиқ мамлакатларда фаолият юритиб, ривожланаётган мамлакатларда бозорлар ва имкониятлар яратиш учун капитал, тажриба ва таъсиридан фойдаланади. 2022 молия йилида ХМК ривожланаётган мамлакатлардаги хусусий компаниялар ва молия институтларига рекорд даражадаги 32,8 миллиард доллар ажратди, бу иқтисодиёт глобал, ёмонлашиб бораётган инқироз оқибатлари билан курашаётган бир пайтда ўта қашшоқликка барҳам бериш ва умумий фаровонликни ошириш учун хусусий секторнинг кучидан фойдаланган. Қўшимча маълумот учун www.ifc.org сайтига ташриф буюринг.

3195 Чоп этиш
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech