Ру Ўз O'z En

Янгиликлар

04 Октябрь 2022

“UZPAYNET” МЧЖ устав капиталидаги 100 фоиз давлат улушининг хусусийлаштириш жараёни юзасидан ахборот

Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги томонидан жорий йил 8 август куни чоп этилган эълонга мувофиқ, “UZPAYNET” МЧЖ устав капиталидаги 100 фоиз давлат улушини рақобатга асосланган сотув жараёнининг Активни сотиб олиш бўйича қизиқиш билдириш (Express of interest) босқичи бошланган.

Аввал маълум қилганимиздек, ABRAU CAPITAL ва CENTIL компаниялар консорциуми ушбу Битим бўйича Давактив агентлигининг хусусийлаштириш бўйича етакчи маслаҳатчи сифатида жалб этилган.

Шу билан бирга, Ягона миллий баҳолаш стандарти талаблари доирасида мазкур акциялар пакетининг бозор қийматини аниқлаш мақсадида, Давактив агентлиги Ўзбекистон Республикаси ҳудудида баҳолаш фаолиятини юритиш ҳуқуқига эга бўлган баҳоловчи ташкилотларни жалб қилиш юзасидан “etender.uzex.uz” электрон платформасида ўтказилган очиқ ва шаффоф танлов натижаларига мувофиқ, “Baholash va Konsulting Markazi” МЧЖ мустақил баҳоловчи ташкилот сифатида жалб этилган. Бугунги кунда мустақил баҳоловчи томонидан белгиланган тартибда баҳолаш ишлари амалга оширилмоқда.

Компаниянинг хусусийлаштириш жараёнлари доирасида ABRAU CAPITAL ва CENTIL компаниялар консорциуми томонидан кенг қамровли маркетинг ишлари амалга оширилди, жумладан, инвестиция тизерлари салоҳиятли инвесторларга юборилди. Натижада, 2022 йил 7 сентябрга қадар Ўзбекистон ва бошқа МДҲ давлатлари ва Европа мамлакатидан 7 нафар халқаро ва маҳаллий инвесторлар томонидан сотиб олиш бўйича қизиқиш билдириш (Express of interest) тўғрисидаги аризалар ABRAU CAPITAL ва CENTIL компаниялар консорциумига келиб тушган.

Давактив агентлиги ҳамда хусусийлаштириш бўйича маслаҳатчи томонидан келиб тушган барча аризалар қуйидаги мезонлар бўйича сараланди:

  • хусусийлаштириш жараёнида иштирок этилишини таъқиқлаши мумкин бўлган маъмурий, ҳакамлик ёки бошқа суд жараёнларининг йўқлиги;
  • Ўзбекистон Республикасининг 660-II-сонли “Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонунига риоя этилиши;
  • Талабгор (консорциум ҳолатида, консорциум аъзоларидан ҳеч бири) ва унинг тегишли шахсларидан ҳеч бири Европа Иттифоқи, Буюк Британия ва АҚШнинг, шунингдек йирик халқаро молия институтларининг (Жаҳон банки, Европа тикланиш ва тараққиёт банки, Осиё тараққиёт банки) санкциялари рўйхатига киритилмаганлиги.

ABRAU CAPITAL ва CENTIL компаниялар консорциуми томонидан келиб тушган аризалар юқоридаги мезон талаблари асосида чуқур ўрганилди ва барча талабгорларнинг мувофиқлиги аниқланди.

Шунга кўра, Активни сотиб олиш бўйича қизиқиш билдириш (Express of interest) босқичидан мувофаққиятли ўтган талабгорлар хусусийлаштириш жараёнларининг келгуси Мажбуриятга эга бўлмаган таклиф (NBO) қабул қилиш босқичида иштирок этиш учун таклиф қилинди ва кейинги ўринларда уларга ушбу босқич жараёнлари тўғрисидаги хат (Process Letter) юборилади.

Хусусийлаштириш жараёнларида келгусидаги ўз иштирокини тасдиқлаш учун, ушбу талабгорлар билан Ахборотларни ошкор этмаслик тўғрисидаги битим (NDA)ни имзолаш таклиф этилади, сўнгра уларга маслаҳатчи томонидан тайёрланган Активни сотиб олиш нархи бўйича индикатив мажбуриятга эга бўлмаган таклифларни тайёрлаш учун зарур бўлган ахборотни ўз ичига олган дастлабки маълумотлар тўплами (Information Memorandum) билан танишиш имконияти берадиган виртуал маълумотлар хонаси (VDR) га кириш имконияти берилади. Ушбу маълумотлар тўплами Активнинг хўжалик фаолияти таснифи, шунингдек тарихий ва прогнозли молиявий кўрсаткичлари каби ахборотларни ўз ичига олади.

Шунингдек, ABRAU CAPITAL ва CENTIL компаниялар консорциуми томонидан “UZPAYNET” МЧЖ устав капиталидаги 100 фоиз давлат улушини сотиб олиш нархи бўйича мажбуриятга эга бўлмаган таклифларни (NBO) жорий йил 24 октябрга қадар қабул қилинади.

Давактив агентлиги хусусийлаштириш жараёнига қизиқиш билдирган ва аризалар топширган барча иштирокчиларга миннатдорчилик билдиради ҳамда Активни сотиб олиш бўйича қизиқиш билдириш босқичидан мувафаққиятли ўтган талабгорлар билан келгусидаги конструктив ҳамкорликни шаффоф муҳитда давом эттиради.

Давактив агентлиги хусусийлаштириш жараёнининг шаффофлиги, очиқлиги ва тенг рақобат муҳитини таъминлашнинг барча чораларини кўради ва унинг ҳар бир босқичи тўғрисида ахборот бериб боради.

1906 Чоп этиш
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech