Ру Ўз O'z En

Янгиликлар

02 Август 2023

“Халқ IPO”сини ташкиллаштириш жараёнлари тўғрисида ахборот

Аввал маълум қилинганидек, тегишли хусусийлаштириш дастурларига мувофиқ, “битта акция – битта лот” тамойили асосида “Халқ IPO”сини ташкиллаштириш бўйича “KPMG” халқаро компанияси Стратегик консультант сифатида жалб қилинган.

Стратегик консультант билан ҳамкорликда “Халқ IPO”си орқали акциялари сотилиши белгиланган корхоналарни тайёрлаш бўйича аниқ мезонлар ва амалга ошириладиган чора-тадбирлар режаси, жумладан “Халқ IPO”сининг мазмун моҳиятини кенг оммага етказишда тарғибот-ташвиқот ишларини амалга ошириш учун PR-консалтинг компанияси ҳамда инвестицион воситачи хизматларини кўрсатиш учун андеррайтер компанияларини жалб қилиш бўйича техник топшириқлар ишлаб чиқилиб, Давактив агентлигининг расмий веб-саҳифаси ва ижтимоий тармоқларида:

  • жорий йил 23 июнь куни чоп этилган эълонга мувофиқ, кенг қамровли тарғибот-ташвиқот ишларини ташкиллаштириш бўйича етакчи PR-консалтинг компаниясини жалб қилиш юзасидан ўтказилган танлов натижасида, “Mosaic Financial” ва “Lightman PR” компаниялари консорциуми жалб қилинган;
  • жорий йил 29 июнь куни чоп этилган эълонга мувофиқ, андеррайтер компанияларини жалб қилиш юзасидан ўтказилган танлов натижасида, 6 та инвестицион воситачи компаниялари (“Freedom Finance” компанияси, “Dalal Standard”, “Winvestment Consult” ва “KRESTON” консорциуми, “Kapital-Depozit”, “Satori IB Group” ва “Satori Capital” консорциуми, “Alkes Research”, “Bluestone Financial Group Inc” ва “Капиталбанк” АТБ консорциуми, “Abrau Capital” ва “Premier Capital Sweden” консорциуми ҳамда “Portfolio Investments”, “Ўзмиллийбанк” АЖ ва “Ўзсаноатқурилишбанк” АТБ консорциуми) салоҳиятли андеррайтерлар рўйхати (“Ғолиблар рўйхати”)га киритилиб, улар билан бош келишув имзоланган. Бунда, Стратегик консультант билан келишган ҳолда “Ғолиблар рўйхати”га киритилган андеррайтерлардан бир ёки бир нечтасини “Халқ IPO”си ўтказиладиган муайян давлат иштирокидаги корхоналарга алоҳида шартномалар орқали бириктирилади.

Эндиликда, жалб қилинган PR-консалтинг компанияси билан бирга:

  • оптимал маркетинг стратегияси, жумладан тегишли маркетинг инструментлари ва услублари юзасидан ҳамда маркетинг материалларини (флаерлар, буклетлар, баннерлар, меморандумлар, фото-видео роликлар ва бошқалар) тайёрланади;
  • “Халқ IPO”сининг мазмун моҳиятини кенг оммага етказиш учун республикамизнинг барча ҳудудларида обуна кампаниялари (“Roadshow”) ўтказилади;
  • “Халқ IPO”си асосида савдога чиқариладиган корхоналарнинг молиявий, иқтисодий ва хўжалик фаолияти бўйича таҳлилий маълумотлари тайёрланиб, ушбу корхоналар раҳбарлари ва жалб қилинган маслаҳатчилар томонидан аҳолига тақдим қилинади.

Жалб қилинган салоҳиятли андеррайтерлар томонидан:

  • амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ, акциялар муомаласи ва “Халқ IPO”сини ташкиллаштириш учун зарур ҳужжатлар тайёрланади;
  • “Халқ IPO”си асосида савдога чиқариладиган корхоналарнинг Бизнес-режаси/стратегияси ва инвестицион жозибадорлик тарихи (equity story) ишлаб чиқилади;
  • букраннернинг стандарт хизматлари, шу жумладан жойлаштирилган қимматли қоғозларни сотиб олиш учун салоҳиятли инвесторларнинг аризаларини қабул қилиш, талабномаларнинг жамланган реестрини юритиш ва акцияларнинг “Халқ IPO”сини ташкил этиш амалга оширилади.

“Халқ IPO”сини муваффақиятли ташкиллаштиришда Давактив агентлиги томонидан жалб қилинган профессионал ташкилотлар билан ҳамкорликда қуйидаги тадбирлар амалга оширилиши режалаштирилган:

  • “E-auksion” платформасида “Халқ IPO”си орқали хусусийлаштириладиган акцияларни сотиб олиш бўйича харидорлардан аризаларни 24/7 режимда онлайн қабул қилиш имкониятини яратиш; 
  • тижорат банклари билан инвестицион воситачи сифатида ҳамкорлик қилиш ҳамда уларнинг мобил иловалари орқали “Халқ IPO”сида онлайн иштирок этиш шароитларини яратиш, жумладан, “E-auksion” платформаси билан интеграция қилиш;
  • электрон онлайн тўлов тизимларининг мобил иловалари орқали “Халқ IPO”сида онлайн иштирок этиш имкониятини яратиш;
  • "Ўзбекистон почтаси" АЖнинг ҳудудий (вилоят ва туман) филиаллари (почтамтлар, почта алоқаси боғламалари ҳамда алоқа бўлимлари) инфратузилмасидан “Халқ IPO”сида иштирок этиш учун аҳолидан аризаларни қабул қилиш бўйича ҳамкорликни йўлга қўйиш.

Эслатиб  ўтилади, “битта акция – битта лот” тамойили асосидаги “Халқ IPO”сида иштирок этиш учун аҳолининг барча қатламларига кенг имконият яратиш мақсадида, фуқаролар ўртасида оммалашишга улгурган ва фойдаланувчиларга қулай бўлган “E-auksion” платформасининг жорий имкониятларидан фойдаланилади ҳамда жараёнга қизиқиш билдирган Ўзбекистон Республикасининг барча резидентлари (жисмоний ва юридик шахслар)нинг аризалари мазкур платформа орқали қабул қилинади. Бунда, платформа орқали 24/7 онлайн режимида :

  • талабгорларни идентифиқация қилиш (ЭРИ, One ID ва Mobile-ID);
  • профессионал брокерни танлаб, улар билан шартнома тузиш;
  • депо ҳисоб рақам (акция/облигация учун ҳисоб рақам) очиш;
  • сотиб олиш бўйича аризаларни онлайн қабул қилиш имкониятлари яратилади.

Акция сотиб олишда талабгорлар ҳуқуқлари платформадаги Эскроу тизими орқали кафолатланади. Тўловлар ва ҳисоб-китоблар инсон омилисиз платформанинг биллинг тизими орқали амалга оширилади.

Давактив агентлиги томонидан режалаштирилган тегишли тадбирлар амалга оширилгандан сўнг, очиқлик ва шаффофлик тамойилларига асосланган ҳолда келгуси жараёнлар юзасидан кенг жамоатчиликка қўшимча ахборот бериб борилиши таъминланади.

2536 Чоп этиш
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech